Бокуда “Марказий Осиё – Озарбайжон яшил энергия йўлаги” лойиҳасининг дастлабки ривожланиш босқичи доирасида тайёрланаётган техник-иқтисодий асос ҳужжати муҳокамасига бағишланган илк семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Trend” ахборот агентлиги хабар берди.
Тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан тегишли давлат идоралари вакиллари, электр энергияси узатиш тизими мутахассислари, тартибга солувчи ташкилотлар, шунингдек Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамда бошқа манфаатдор томонлар иштирок этди.
Озарбайжон энергетика вазири ўринбосари Ўрхон Зейналов Каспий ва Қора денгиз ҳудудларини боғлайдиган мазкур йўлак ишга тушгач, Марказий Осиёдан Европа бозорига тоза қайта тикланувчи энергия етказиб бериш имкони яратилишини таъкидлади.

Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Санжар Жаркешов мамлакатида 2030 йилга қадар энергия ишлаб чиқариш қуввати 26 гигаваттга етказилиши режалаштирилгани, умумий миқдоринг 30-35 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига тўғри келишини билдирди. Бой энергетика салоҳиятига эга ушбу мамлакат мазкур йўлак орқали Европага тоза энергия экспорт қилишни мақсад қилган.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов мазкур ташаббусни истиқболли лойиҳа сифатида баҳолади. Маълумки,республикамизда энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга улкан сармоя киритилмоқда. Ўзбекистон 2030 йилга қадар минтақавий тармоққа уланиб, Европага электр энергияси экспорт қилиш имкониятини анча кенгайтириш режасини тузган.
Анжуманда иштирокчилар техник-иқтисодий асос ҳисоботини вақтида якунлаш ҳамда кейинги босқичга тайёргарлик кўриш бўйича асосий вазифаларни келишиболдилар.
“Марказий Осиё – Озарбайжон яшил энергия йўлаги” лойиҳасининг техник-иқтисодий асоси Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Ташаббус 2025 йил апрелида имзоланган ўзаро англашув меморандуми асосида қўллаб-қувватланмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА