Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё муҳим тарихий ўзгаришлар палласида
17:36 / 2025-11-15

Марказий Осиё минтақаси тарихи, маданияти ва қадриятлари билан узвий боғланган халқлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик тамойиллари негизида барқарор ривожланиб бормоқда. Бугун минтақа давлатлари умумий мақсад — тинчликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш ва халқларимиз фаровонлигини ошириш йўлида яқин мулоқот ва қатор қўшма ташаббусларни амалга оширмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Тадбир кун тартибидан Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, устувор соҳаларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари ўрин олган. 

ЎзА мухбири мазкур тарихий йиғин олдидан Марказий Осиёдаги интеграцион жараёнлар, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи хусусида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назировнинг фикрларини ёзиб олди. 

– Бугунги кунда Марказий Осиё минтақаси бирликка интилар экан, ишонч, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат каби принсипларни устувор қўймоқда. Айтиш керакки, бу жараён тўсатдан юз берган ҳодиса эмас. Албатта, бу минтақа давлатлари етакчилари сиёсий иродасининг мақсадли равишда рўёбга чиқаётганлигини ўзида ифода этади. Бошқа бир тарафдан, минтақа мамлакатлари халқларининг бу жараёнларни қўллаб-қувватлаётганлиги бирлик ва ҳамжиҳатликни билдиради.

Дунёда кенг кўламли трансформациялар жараёни, турли иқтисодий зиддиятлар, геосиёсий мақсадлар куч ишлатиш йўли билан кескин равишда кечаётган бир пайтда, Марказий Осиё ўзига хос равишда стратегик, барқарор ва ривожланаётган минтақа сифатида яққол ажралиб турибди.

Қайд этиш керак, минтақавий бирлик жараёнларининг асосини аввало, давлат етакчилари ўртасидаги тўғридан-тўғри ва ўзаро ишончга асосланган мулоқот ташкил этмоқда. Бу жараён йиллар давомида минтақада шаклланиб қолган муаммоли масалалар, дейлик, чегаралар дахлсизлиги, сув-енергетика, савдо ва гуманитар масалалар билан боғлиқ жараёнларнинг ижобий ҳал этилишига жиддий таъсир кўрсатмоқда. 

Яна бир гап: Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари 2017 йилдан бери минтақа трансформациясида ҳал қилувчи ролни ўйнаб келмоқда, дейиш мумкин. Қисқа вақт ичида бу формат мулоқот форматидан ўзаро ишончни мустаҳкамлаган, минтақа ривожига кучли туртки бераётган, стратегик масалалар бўйича ташқи аралашувларсиз умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш майдонига айланди. 

Давлатимиз раҳбари яқинда ўзининг нашр қилинган мақоласида таъкидлаганидек, Марказий Осиё энди бу бўлинган, зиддиятли минтақа эмас, балки дўстлик кўприклари билан боғланган ва умумий манфаатлар йўлида ҳамжиҳатлик билан ривожланаётган бир минтақага айланди. 

Бугунги кунда мана шу Маслаҳат учрашувлари формати минтақадаги ишончни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, иқтисодий-сиёсий, ҳаттоки хавфсизлик соҳасида ҳам минтақанинг ривожланиши учун зарур бўлган потенциални рўёбга чиқаришда фундаментал аҳамият касб эта бошлади. Масалан, яқинда имзоланган уч давлат чегараларининг туташ ҳудудлари тўғрисидаги шартнома – Хўжанд декларацияси.

Бинобарин, минтақа мамлакатларининг мустақиллик тарихида илк маротаба Марказий Осиёнинг ички чегаралари ҳуқуқий жиҳатдан расмийлашганлиги минтақада энди савдо-иқтисодий муносабатлар ва интеграция жараёнларига кучли туртки бериши мумкин. Маслаҳат учрашувлари фонида яратилган сиёсий динамика шуни кўрсатмоқдаки, эндиликда минтақада интеграциялашиш жараёни реал амалиётга кўчмоқда. Масалан, 2022 йилда имзоланган “Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик” тўғрисидаги шартномани олайлик. Бу ҳужжат минтақадаги ҳамкорликни аввало тенгликка асосланган, ўзаро қўллаб-қувватлашга ва минтақа тақдири учун биргаликда масъулликни белгилайдиган фундаментал принсипларни мустаҳкамлади.

Эътиборга молик жиҳат шундаки, Маслаҳат учрашувлари фақат учрашувлардан, келишувлардан иборат бўлиб қолмаслиги учун 2023 йилдан буён Миллий координаторлар кенгаши таъсис этилди. Бу доимий ишловчи механизм сифатида айнан шу учрашувларни тайёрлаш, унинг кун тартибини белгилаш ва учрашувда эришилган келишувлар ижросини биргаликда мониторинг қилиш имконини беради. 

Яна бир муҳим ҳужжат 2022 йилда қабул қилинган эди. Бу – кўп томонлама форматларда ҳамкорлик консепсияси. Мазкур ҳужжат турли халқаро ташкилотларда, кўп томонлама саммитларда, учрашувларда минтақа позициясининг якдил бўлишлигига ва уни мувофиқлаштиришга ҳуқуқий асос яратиб берди. Асосий ҳужжатлардан яна бири бу 2022 йилда қабул қилинган минтақавий кооперацияни ривожлантиришга оид “Марказий Осиё – 2040” консепсияси бўлиб, ушбу ҳужжат ҳам ҳамкорликнинг стратегик устувор йўналишларини, яъни, узоқ муддатли ҳамкорликни белгилаш, айниқса барқарор ривожланиш, хавфсизликни таъминлаш масалаларида минтақа давлатларининг ҳамжиҳатлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Институционал-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва бу сиёсий мулоқотларнинг тизимли равишда ривожлантирилиши натижасида минтақада ҳамкорлик учун жиддий асослар пайдо бўлди. Яъни, Марказий Осиё иқтисодий ва сиёсий барқарорлик нуқтаи назаридан етарлича натижаларга эришди ва бу минтақа давлатларининг ялпи ички маҳсулотида, ташқи савдосида, халқаро майдондаги ўрнида ўз аксини топмоқда.

Рақамларга қарайдиган бўлсак, минтақанинг умумий ялпи ички маҳсулоти мана шу Маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилган даврдан бошлаб 2,5 баробарга ошган, яъни, бугунги кунда 520 миллиард АҚШ долларига етганлигини кўришимиз мумкин. Умумий ташқи савдоси ҳам икки баробарга ошиб, 253 миллиардга етган. Айниқса, диёримизнинг минтақа мамлакатлари билан савдо айланмаси уч баробарга ошган. Шу билан бирга, Марказий Осиёда фаол иқтисодий ўсиш жараёни кетар экан, минтақанинг ички савдосини ривожлантириш, яъни, ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун ҳали етарлича ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. 

Марказий Осиё мамлакатларининг жаҳон иқтисодиётига турли даражада интеграциялашуви қайсидир маънода минтақавий ёндашувларни кучайтиришга имкон яратиши мумкин. Демоқчи бўлганим, глобал дунёда яратилаётган саноат маҳсулотларининг муҳим қисмини ишлаб чиқаришда Марказий Осиё янада фаол иштирок этиши мумкин. 

Биламизки, сўнгги пайтларда минтақамизга нисбатан нодир металлар масаласида қудратли мамлакатларнинг эътибори ошган. Бу нодир металлар муҳим товарларни ишлаб чиқаришда, автомобилсозлик, космос билан боғлиқ бўлган соҳаларда ва иқтисодий йўналишларда асосий хомашёлардан бири ҳисобланади. Демак, Марказий Осиё давлатлари ҳам бу жараёнда асосан ресурс экспорт қилувчи эмас, балки тайёр маҳсулот экспорт қилувчи мамлакатлар сифатида иштирок этиши мумкин.

Бир вақтлар минтақада доимий келишмовчилик, турли хил ёндашувлар манбаи бўлиб келган соҳалар мавжуд эди. Бу гидроенергетик иншоотларни қуриш масаласи. Эътиборли жиҳати, бу борада ҳам минтақа давлатлари қарама-қаршилик фонидан ҳамкорлик ҳаракатига ўтганлиги жуда муҳим қадам бўлди. Яъни, давлатлар бу масалаларга муаммо сифатида эмас, балки ҳамкорликнинг янги имкониятлари сифатида қарай бошладилар.

Бу ёндашувлар ўзгариши натижасида Қирғизистон ҳудудида жойлашган Қамбарота ГЕС-1 лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон биргаликда иштирок этмоқда. Тожикистон ҳудудида Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигида амалга оширилаётган Ёвон гидроэнергетик иншооти ва Туркманистон билан Амударё сув ресурсларини оқилона фойдаланиш бўйича келишувларни айтиш мумкин. Марказий Осиё иқтисодий тарафдан ўзаро боғлиқ бўлган тизимни юзага келтирар экан, бу истиқболда минтақавий интеграцияга кучли ижобий туртки бериши мумкин.

Энди эътиборингизни минтақанинг маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлигига қаратмоқчиман. Бу борада амалга оширилаётган конструктив мулоқотнинг натижалари 2023 йилдан бери йўлга қўйилган Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида ички паспортлар, яъни, ID карталари билан эркин ҳаракатланиш имконияти, қолаверса, Тожикистон ва Қозоғистон билан худди шундай келишувлар ишлаб чиқилаётганлиги минтақавий бирликка хизмат қилиши мумкин бўлган жиддий қадам ҳисобланади. 

Умуман олганда, минтақамиз Маслаҳат учрашувлари орқали ривожланиш, ҳамкорлик йўлини танлаётганлигини кўришимиз мумкин ва бу жараёнлар аста-секин ҳуқуқий, институционал тарафдан мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳамкорликнинг янада ривожланиши Марказий Осиёни барқарорлик, яхши қўшничилик, фаровон бўлган минтақага айлантириши ва ҳозирги геосиёсий қарама-қаршиликлар фонидаги дунё учун янгича ҳамкорлик моделини тақдим этиши мумкин.

Ўткир Алимов ёзиб олди.

ЎзА