Тожикистон Миллий фанлар академия Иқтисодиёт ва демография институти директори Шариф Раҳимзода “Марказий Осиёда барқарор тараққиётни таъминлашда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг роли” мавзусида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференцияда айнан шу фикрни илгари сурди.
– Муҳокама қилинаётган мавзулар ва кўрилаётган чоралар қўшни давлатлар учун ибрат бўлиши керак. Биз иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан бошқа мамлакатларни ҳам бирлашишга, муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга ундайдиган икки томонлама алоқалар ўрнатишимиз керак.
Албатта, сўнгги йилларда иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
Биз давлат ташкилотлари раҳбарлари сифатида халқларимиз фаровонлигини яхшилашга хизмат қиладиган шарт-шароитлар яратиш учун бор кучимизни ишга солишимиз зарур.
Бугунги кунда Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Юзлаб қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда, янги лойиҳаларни молиялаштириш учун инвестициявий жамғарма ташкил этилди. Масалан, Тожикистонда маиший хизмат кўрсатиш техникаси ишлаб чиқарадиган “Artel Avesto Electronics” ҚК иш юритмоқда.
Биз Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириб, муаммолар ички ресурслар ҳисобига ҳал этиладиган минтақа даражасига кўтарилишимиз керак.
Глобаллашув шароитида компаниялар ўз даромадини маҳсулот тан нархини камайтириш ҳисобига оширади. Бизда денгизга чиқиш имконияти бўлмагани боис, транспорт харажати туфайли маҳсулотларимиз нархи анча юқори. Шундай экан, яқин, қўшни мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик қилиш жуда ўринли.
Гулруҳ Абдуллаева ёзиб олди.
ЎзА