Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммити
23:44 / 2023-09-29

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Канцлери Олаф Шольцнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Берлин шаҳрига борди.

Давлатимиз раҳбари Германияга амалий ташрифи доирасида 29 сентябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашувида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни, шу жумладан, Европа Иттифоқи дастурлари доирасида таъминлашнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари ўз сўзида “Марказий Осиё – Германия” форматидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталди. Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларига, энг аввало, юксак технологиялар ва инновацион ривожланиш, транспорт коммуникациялари, “яшил” энергетика, касбий таълим, фаол маданий ва академик алмашинувларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Германиянинг етакчи компания ва банклари Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтираётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ёшларимизда немис тилига қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланди – бугунги кунда юртимизда уни қарийб 300 минг нафар мактаб ўқувчилари ва талабалар ўрганмоқда.

Суҳбатда Германия Федерал Президенти Ўзбекистон етакчисини Берлин шаҳридаги дунёга машҳур Жеймс Симон галереясида ноёб маданий-тарихий кўргазма муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Бир неча ой ичида кўргазмага 200 минг нафар берлинликлар ва Германия пойтахти меҳмонлари ташриф буюрди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, инновация ва технологиялар, “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергетика, транспорт ва логистика, таълим ва маданият соҳаларида ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йил май ойида Германияга амалий ташриф давомида ўтказилган сермаҳсул музокараларда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Президентлар минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, жумладан, “Марказий Осиё – Германия” форматида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Олаф Шольц раислигида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Саммит кун тартибига мувофиқ, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш истиқболлари, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда барқарор ва изчил минтақавий тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари “Марказий Осиё – Германия” формати очиқ мулоқот ҳамда минтақа мамлакатлари ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш учун самарали майдонга айланганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда бугунги минтақавий ҳамкорлик даражасига юксак баҳо бериб, Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсатини оғишмай амалга ошираётганини қайд этди.

Минтақа мамлакатларига мустақилликнинг илк кунлариданоқ амалий кўмак кўрсатишда Германия муҳим ўрин тутиб келаётгани юқори баҳоланди.

Таъкидланганидек, бугун мамлакатимиз муҳим трансформация босқичида турибди, Янги Ўзбекистон – инсон манфаатлари олий қадрият бўлган демократик давлатни барпо этиш йўлидан бормоқда. Мамлакатимизни 2030 йилга қадар ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегия қабул қилинган ва ундаги юксак мақсадлар халқаро ҳамкорларнинг салоҳиятини жалб қилиш орқали амалга оширилади.

Узоқ муддатли ҳамкорликнинг умумминтақавий аҳамиятга эга устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди.

Булар – инвестициявий, инновациявий ва технологик алоқалар ва алмашинувни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, “яшил” кун тартибини илгари суриш, Германия стандартларига мувофиқ турли тармоқлар учун мутахассисларни тайёрлаш, Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш.

Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари Германия томонининг Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шерикликни йўлга қўйиш, ушбу форматда мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказиб бориш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев биринчи “Марказий Осиё – Германия” саммити доирасида Германия Федератив Республикаси Канцлери Олаф Шольц билан музокара ўтказди.

Икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ишбилармонлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон раҳбарининг жорий йил май ойидаги Берлинга ташрифи икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга кучли суръат бағишлагани таъкидланди.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва саноат кооперацияси кўрсаткичлари икки баробар ўсди. Мамлакатимизда Германиянинг “Volkswagen”, “MAN”, “CLAAS”, “Siemens”, “Linde”, “Aurubis”, “Henkel”, “Knauf”, “Papenburg”, “Deutsche Kabel” ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда.

Тоғ-кон, энергетика, кимё, электротехника, тўқимачилик саноати ва инфратузилма бўйича янги лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Давлатимиз раҳбари қўшма иқтисодий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, муқобил энергетикани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари бошқарувини рақамлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, молиявий воситаларни кенгайтириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, миграция ва кўчувчанлик соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.

Маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, фан ва таълим соҳаларида қўшма дастурларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Канцлери Олаф Шольцни расмий ташриф билан мамлакатимизга келишга таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси шафелигида ташкил этилган Иқтисодий форум ишида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Германия томонидан алоҳида топшириқлар бўйича федерал вазир, Федерал Канцлер девони раҳбари Вольфганг Шмидт, Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш федерал вазирлиги давлат котиби Удо Филипп, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси раиси Катрина Клаас-Мюльхойзер иштирок этди.

Бундан ташқари, форум ишида “CLAAS”, “Siemens Energy”, “Knauf”, “Linde”, “Papenburg”, “BayWa”, “WILO”, “IPEX-Bank”, “Commerzbank”, “AKA”, “Mangold Consulting”, “Deutsche Bahn”, “DB E.C.O.”, “Euler Hermes”, “Ernst Klett”, “SMS Group”, “Deutsche Bank”, “Evonik Industries”, “John Deere”, “BASF”, “Airbus” каби Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон етакчиси бугунги тадбир Германия бизнесида Марказий Осиё мамлакатлари бозоридаги фаолиятини кенгайтиришга қизиқиш ортиб бораётганидан далолат эканини катта мамнуният билан қайд этди.

Инвестициявий, инновациявий ва технологик ҳамкорлик масалалари, юқори технологик тармоқларда, шунингдек, “яшил” энергетика, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, логистика ва транспорт, кадрлар тайёрлаш бўйича кооперация лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўрсатиб ўтилди.

– Биз сизлар билан биргаликда мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларини модернизация қилиш бўйича катта иш олиб бормоқдамиз, самарали қўшилган қиймат занжирлари ва минглаб янги иш ўринларини яратмоқдамиз. Биз очиқ мулоқот учун янги майдонлар ва доимий платформалар пайдо бўлишидан манфаатдормиз, – деди Президентимиз.

Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатлар ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Қўшма лойиҳа ва корхоналар сони икки баробар кўпайди.

– Барчангиз кўп қиррали Ўзбекистон – Германия муносабатларини ривожлантириш учун ҳақиқатда катта ҳисса қўшяпсиз, лойиҳаларингиз эса узоқ муддатли муваффақиятли ҳамкорликка мисол бўла олади. Мен буни жуда қадрлайман, – деди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатимиз етакчиси Германия компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор жиҳатларига тўхталиб, қатор истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Бу, энг аввало, кооперацияни ривожлантириш ҳамда Германия компанияларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришдир. Давлатимиз раҳбари харидоргир саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз Ўзбекистонда Германия етакчи ишлаб чиқарувчиларининг юқори саноат технологиялари бўйича Марказий Осиё кўргазмасини ўтказиш таклифини билдирди.

Шерикликнинг энг муҳим йўналишларидан бири – “яшил” энергетика. Ўзбекистон раҳбари муқобил энергетикани ривожлантириш борасида германиялик ҳамкорлар билан муваффақиятли тажриба ва истиқболли кооперация лойиҳалари борлигини таъкидлади.

Минтақа даражасида “яшил” иқтисодиёт лойиҳаларини амалга ошириш учун Германия муҳандислик-лойиҳалаштириш марказлари ва саноат холдинглари билан ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди.

Президентимиз энг муҳим хомашё ресурслари соҳасида уларни қайта ишлашга илғор технологик ечимларни жалб қилиш ва саноат маҳсулотларининг экспортини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳалар муҳимлигини қайд этди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Марказий Осиё ички эҳтиёжларни тўлиқ таъминлаш ва Европа мамлакатларига сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш учун зарур салоҳиятга эга, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу маънода, юртимиз қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларига Германия компанияларининг энергия самарадор ва рақамли технологияларини жалб қилишга тайёр экани таъкидланди. 

Озиқ-овқат соҳасида қўшма минтақавий тадбирлар ўтказиш таклиф қилинди.

Президентимиз транспорт ва логистика борасидаги ҳамкорликка ҳам тўхталди. Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган самарали йўналишларни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Транспорт лойиҳаларини экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш учун Германиянинг етакчи ташкилот ва компаниялари мутахассисларини жалб қилиш таклифи билдирилди. 

Малакали мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш кўп қиррали Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши сифатида қайд этилди.

Якунда давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги ишбилармонлик ташаббуслари ва қўшма инвестиция лойиҳаларига ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлаб, Марказий Осиё Германия бизнеси учун катта имкониятлар минтақаси эканини таъкидлади.

ЎзА