Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг географик қамрови кенгаймоқда
18:16 / 2022-09-23

Пойтахтимизда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг II Мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Кенгашга аъзо Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон миллий касаба уюшмалари марказлари раислари ҳамда вакиллари, шу билан бирга Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (ACTRAV) Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловаскас, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг янги мустақил давлатлардаги дастурлари координатори Анна Салникова, шунингдек Қирғизистон ва Мўғулистондан ҳам вакиллар иштирок этди.

Нуфузли анжуманга Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котиби, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов раислик қилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Марказий Осиёда улкан ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Минтақа мамлакатлари ўртасида дўстлик, ўзаро манфаат ва ишонч тамойилига асосланган яхши қўшничилик муносабати шаклланди, ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Буларнинг бари тарихан қисқа вақтда минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли рўй берди.

Айни саъй-ҳаракатлар минтақа мамлакатлари касаба уюшмалари ўртасида дўстона муносабатни янада мустаҳкамлаш, асосий вазифаларни амалга оширишда тажриба алмашиш жараёнини тамомила янги босқичга олиб чиқди. Бунда бандликни таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига кўмаклашиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқи, имкониятини кенгайтириш, муносиб меҳнат шароити яратиш муҳим аҳамиятга эга. Миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш, ходимлар маънавиятини юксалтириш, сифат жиҳатидан янгиланган таълимни илгари суриш, кадрлар малакасини ошириш, ихтисослашган ўқув муассасаларида касаба уюшмаси ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш вазифалари устуворлик касб этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 2021 йил Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди. Ушбу таклиф Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси, Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси томонидан қўллаб-қувватланиб, 2021 йил 10 ноябрда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши таъсис этилди.

Ушбу Кенгашни тузишдан кўзланган асосий мақсад ходимларнинг ижтимоий-меҳнат, касбий, иқтисодий ва бошқа қонуний ҳуқуқи, манфаатини, касаба уюшмалари фаолиятига дахлдор ҳуқуқ ва кафолатни ҳимоялаш, уюшмаларнинг халқаро бирдамлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш бўйича иштирокчи мамлакатлар касаба уюшмалари ҳаракатини бирлаштиришдан иборат.

Анжуманда устувор йўналишларда олиб борилаётган ишлар, эришилаётган натижалар билан бир қаторда Кенгаш доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мазмун жиҳатидан муҳим йўналишлар билан бойитиш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Қайд этиш жоиз, Кенгашнинг географик қамрови тобора кенгаймоқда. Анжуман доирасида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегациялари ҳам Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши аъзолигига кириш истагини билдирди.

[gallery-8895]

Мажлис кун тартиби тасдиқлангач, айнан шу - Қирғизистон ва Мўғулистон тузилмаларини аъзоликка қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди. Низомга мувофиқ Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа мамлакатларнинг юридик шахс бўлган ҳамда ташкилот Низомини тан олган миллий касаба уюшмаси марказлари Кенгаш иштирокчиси бўла олади.

Тақдим этилган таклиф асосида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Мўғулистон касаба уюшмалари Конфедерацияси бир овоздан Кенгаш аъзолигига қабул қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнат инспекцияси ҳамда Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси хизмати фаолияти, шунингдек, Қозоғистон ва Тожикистон касаба уюшмалари меҳнат инспекциялари иш тажрибаси тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Ҳозирги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши борасида иш жойларида касаба уюшмалари инспекторлари томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилган. Ходимларнинг меҳнат мажбуриятини бажариш билан боғлиқ, ишлаб чиқариш юз берган бахтсиз ҳодисаларни, касб касалликларини текширишда иштирок этиш, меҳнат соҳасида ходим ва иш берувчига маслаҳат, услубий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган. Касаба уюшмалари инспекциялари бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллигининг олдини олишга доир профилактика, юридик ва жисмоний шахслар ўртасида меҳнат соҳасига доир тушунтириш тадбирларини ўтказяпти, иқтисодиётнинг барча соҳаларида тизимли жамоатчилик назоратини амалга оширяпти. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги 2 ярим йилда 8 937 ташкилот жамоатчилик тартибида ўрганилиб, ходимлар манфаати йўлида 113 миллиард 200 миллион сўмга яқин маблағ ундириб берилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон касаба уюшмаларининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш борасидаги иш тажрибаси билан ҳам батафсил таништирилди. Хусусан, меҳнат соҳасига алоқадор янги қонунлар қабул қилинаётгани, касаба уюшмаларининг фаол иштирокида ХМТнинг 19 та Конвенцияси ратификация қилингани алоҳида қайд этилди. Мамлакатимиз касаба уюшмалари томонидан айни йўналишда амалга оширилаётган ишлар анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

- ACTRAV касаба уюшмалари марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, меҳнат соҳасидаги муаммоларни биргаликда ҳал қилиш бўйича самарали фаолият олиб бормоқда, - дейди С.Гловаскас. - Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши тузилгани нафақат минтақа миқёсида, балки халқаро даражада ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мазкур тузилма минтақа тегишли йўналишдаги фаолият самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-меҳнат муносабати соҳасидаги кўплаб масалаларни самарали ҳал этишга ёрдам беради.

Тадбир давомида «Касаба уюшмалари таълимини ривожлантириш ва модернизациялаш ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари минтақавий ҳамкорлигини кучайтириш тўғрисида»ги декларация имзоланди. Ушбу ҳужжат касаба уюшмалари кадрлари ва фаоллари салоҳиятини янада ошириш, манфаатдор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Йиғилишда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Бош котибини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Амалдаги Бош котиб Қудратилла Рафиқов таклифи билан келгуси йил учун мазкур лавозимга Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулетали номзоди кўриб чиқилди ҳамда бир овоздан маъқулланди.

Мажлис иштирокчилари ташриф доирасида «Янги Ўзбекистон» мажмуасида ҳам бўлиб, Она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида – Мустақиллик монументи пойига гул қўйиб, ўз ҳурмат-эҳтиромини ифода этишди. Меҳмонлар юртимиздаги корхона ва ташкилотлар фаолияти, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси музейи ва бошқа диққатга сазовор масканлар билан ҳам танишди.

Гўзал САТТОРОВА, ЎзА мухбири