Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши мажлиси қизиқарли учрашувларга бой бўлди
19:26 / 2022-09-23

Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши мажлиси доирасида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаоллари билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўзаро мустаҳкам дўстлик ришталари билан боғлангани, икки мамлакат Президентларининг саъй-ҳаракатлари натижасида охирги йилларда ўзаро бир-бирини тушуниш, дўстона қўшничилик алоқалари мустаҳкамлангани алоҳида таъкидланди. Икки мамлакат касаба уюшмалари Федерациялари ҳамда касаба уюшма фаоллари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ва яқин ҳамкорлик Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари сиёсатига тўла мос келади. Қирғизистон Ўзбекистоннинг яқин қўшниси ва ишончли ҳамкори. Сўнги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш борасида аҳамияти жиҳатидан мислсиз тарихий қадамлар қўйилган. Бунинг натижасида ўзаро ишонч ва дўстона қўшничилик тамойилларига асосланган ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг йўл очилгани алоҳида қайд этилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

* * *

Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши Мажлиси доирасидаги тадбирлар дастурига мувофиқ Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши кубоги учун мини-футбол бўйича халқаро турнир ҳам бўлиб ўтди.

Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон касаба уюшмалари терма жамоалари ўзаро беллашдилар.

Кўтаринки руҳ ва мухлислар қизғин қўллаб-қувватлаши остида ўтган ўйинлар Қозоғистон – Ўзбекистон 1:1, Қозоғистон – Тожикистон 6:5 ва Ўзбекистон – Тожикистон 9:5 ҳисобида якунланди.

Шу тарзда ҳамюртларимиз ва Қозоғистон жамоаси бир хил очко жамғарди. Дўстлик турнири ғолибини аниқлаш учун ушбу жамоалар яна майдонга тушдилар. Бу сафар рақибларидан 2:0 ҳисобида устун келган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси футбол жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.

Иккинчи ўрин Қозоғистон, учинчи ўрин эса Тожикистон касаба уюшмаларининг терма жамоасига насиб этди.

Шу куни футбол мухлислари яна бир қизиқарли ўйиннинг гувоҳи бўлди. Ўзбекистон футбол фахрийлари жамоаси ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон касаба уюшмалари жамоалари аъзоларидан иборат таркибдаги “Дўстлик” жамоаси ўртасидаги ўйин футбол ишқибозларида катта қизиқиш уйғотди.

Ўйин олдидан майдонга кириб келган Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудов, Мурод Алиев, Азамат Абдураимов каби ўзбек футболи афсоналарини мухлислар олқишлар билан кутиб олди. Рамзий маънода тўпни майдонга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, ўзбек футбол афсоналаридан бири Биродар Абдураимов киритиб берди. Халқаро тоифадаги спорт ҳаками, ФИФА рефериси, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице президенти Равшан Эрматов эса ўйинга старт берди.

Ўзбекистон футбол фахрийлари жамоаси ва “Дўстлик” жамоаси ўртасида бўлиб ўтган қизиқарли беллашувлар 3:3 ҳисобида якунланди.

Футбол ўйинларидан сўнг томошабинлар эътиборига таниқли эстрада хонандалари ва ёш ижодкорлар иштирокидаги концерт дастури ҳавола этилди.

Халқаро миқёсда ўтказилган мазкур мини-футбол мусобақаларда ғолиб жамоаларга медаллар ва совғалар, биринчи ўринни қўлга киритган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси жамоасига эса Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг кўчма кубоги топширилди.

Шунингдек, мусобақаларда турли номинацияларда ҳам ғолиблар аниқланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА