6 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви доирасида Туркманистоннинг “Аваза” миллий туристик зонасида Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
Унда Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари доиралари вакиллари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида иштирокчиларга Туркманистон Президенти Г.Бердимуҳамедовнинг қутлови ўқиб эшиттирилди. Форум иши савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда, энергетика ва кимё тармоқларида, шунингдек, транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш каби алоҳида йўналишлар бўйича тематик сессиялар шаклида ташкил этилди. Ҳар бир сессия давомида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди. Шунингдек, минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланиб, кўриб чиқилди.
Форумда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов иштирок этди. “Марказий Осиё мамлакатларининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти” сессиясида сўзга чиқар экан, у мазкур форум минтақанинг барқарор ривожланишига қаратилган мамлакатлараро ҳамкорлигининг самарали механизмларини яратиш платформаси сифатида муҳимлигини таъкидлади.
Минтақа ичидаги савдо ҳажмини оширишнинг улкан салоҳияти қайд этилди. Сўнгги бир неча йил мобайнида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари билан савдо айланмаси икки баробар ошиб, 2020 йилда 5 миллиард долларга етди. Шу нуқтаи назардан, электрон тижоратни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркорлари ва экспортчилари бевосита мулоқот қилиш ва ўзаро манфаатли келишувларга эришиш учун ягона электрон савдо платформаси яратилиши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ва савдо тўсиқларини изчил бартараф этиш зарурлиги қайд этилди.
[gallery-3323]
Саноат кооперациясини жадал ривожлантириш ҳамкорликнинг устувор соҳаси сифатида белгиланди. У, шунингдек, минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдирувчи афзалликларидан фойдаланиш ва минтақа ичида узлуксиз қиймат занжирларини шакллантириш имкони беради. Ўзбекистонда ўтган 5 йил мобайнида қўшни мамлакатлар компаниялари иштирокидаги корхоналар сони 6 баробар ошиб, ҳозирда 1600 тани ташкил этгани таъкидланди. Шунингдек, қурилиш материаллари, автомобиллар ва маиший техникани ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм-пойабзал тармоқларида саноат кооперацияси лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширишнинг аниқ намуналари келтирилди.
Минтақа мамлакатларининг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини юксалтиришга барқарор иқтисодий ривожланиш, инвестицияларни жалб этиш ва минтақавий савдони рағбатлантиришнинг муҳим омили сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, пандемия оқибатида юзага келган чекловларга қарамай, 2020 йилда Марказий Осиёда юк ташиш ҳажмининг ўсиши кузатилгани халқаро автомобиль ва темир йўлларни янада кенгайтириш ва транспорт-логистика инфратузилмасини мустаҳкамлашнинг улкан салоҳиятидан далолат беради. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони Марказий Осиё давлатларини боғловчи транспорт йўлакларини ривожлантириш, минтақа мамлкатларининг транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, божхона расмийлаштируви тартибларини уйғунлаштириш ва рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш таклифини ўртага ташлади.
Сессия иштирокчилари кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий иқтисодий манфаатларни рағбатлантириш юзасидан фикр алмашдилар. Тадбир якунида минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг янги “ўсиш нуқталари”ни аниқлашга қаратилган кўп томонлама мулоқотни ривожлантириш зарурлиги тўғрисида муштарак ёндашув ишлаб чиқилди.
Форум дастури доирасида икки томонлама учрашув ва музокаралар ҳам ўтказилди. Эришилган келишувлар тадбир доирасида имзоланган тегишли ҳужжатларда белгилаб олинди.
ЎзА