Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида Корея жамғармаси вице-президенти, Марказий Осиё – Корея ҳамкорлиги Форуми котибияти ижрочи директори Чон Кук Ри билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида меҳмонга Марказий Осиё халқаро институти фаолияти, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, минтақавий ҳамкорлик жадал ривожланиши самараси ўлароқ, Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда эришилган муваффақиятлар, шунингдек, “МО+” формати доирасидаги шерикликнинг истиқболли йўналишлари хусусида батафсил маълумот берилди.
Чон Кук Ри Корея ва минтақа мамлакатлари ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги даражасига юқори баҳо берди.
“МО+Корея” форматида эксперт-таҳлилчилар доиралари даражасида бирга иш олиб бориш ташаббусини илгари суриш муҳимлиги маъқулланди. Зеро, айни саъй-ҳаракат Марказий Осиё давлатлари ва Жанубий Корея шериклигини мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Мулоқот якунида томонлар, жумладан, семинарлар, давра суҳбатлари ва форумлар шаклидаги, ўзаро тушунишни ошириш ва ҳамкорлик уфқини кенгайтиришга йўналтирилган қўшма тадбирлар ўтказишга кўмаклашиш бўйича келишиб олдилар.
Марказий Осиё – Корея ҳамкорлиги Форуми котибияти 2017 йил ташкил қилинган бўлиб, тузилма доирасида тизимли равишда лойиҳалар амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш орқали томонлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА