Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти директори Жандос Шаймарданов пойтахтимизда давом этаётган VIII Марказий Осиё экспертлари форумида сўз олиб, жумладан, шундай деди:
– Бугунги кунда янги Марказий Осиё ҳақида гапирарканмиз, минтақавий шериклик манзараси кескин ўзгараётганига гувоҳ бўляпмиз. Бир неча йиллар олдин мулоқотларимиз асосан икки томонлама олиб борилган бўлса, эндиликда кўп томонлама форматлар ва лойиҳалар диққат марказига чиқди.
Эътиборга молик жиҳати, Марказий Осиё, хоҳ иқтисодий ёки геосиёсий, хоҳ иқлим билан боғлиқ бўлсин, турли ташқи талвасали таъсирларга чидамлилигини намойиш этмоқда. Айни жараёнда Барқарор ривожланиш стратегияларини мувофиқлаштириш, транспорт-логистика ва энергетика йўналишларидаги ташаббусларни уйғунлаштириш, шунингдек минтақамизнинг ягона овозини глобал майдонларда биргаликда илгари суриш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ишончим комилки, Марказий Осиё келажаги шунчаки жуғрофий қўшничилик эмас, балки ягона қиёфа яратиш, биргаликда ривожланиш ва умумий қарорлар чиқариш йўлидаги онгли танловдир. Биз тасаввур қилаётган янги шериклик иншооти айнан шу йўл билан барпо этилади.
Минтақада кооперацини ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар хусусида гапираркан, Ж.Шаймарданов айни пайт бизга «Марказий Осиёни иқтисодий тармоқ сифатида глобал қиймат занжирига интеграциялашган минтақа сифатида тақдим этадиган умумий маркетинг стратегияси жуда зарурлиги»ни таъкидлади.
– Марказий Осиё аллақачон БМТ тизимида муҳим ўрин эгаллаб, геосиёсий ўлчов нуқтаи назаридан таниқли бренд тарзида шаклланди, – дейди эксперт. – Энди эса бу залворли натижани иқтисодий мундарижа билан мустаҳкамлашимиз лозим.
Минтақамизнинг жадал ривожланаётган ва ўзаро боғланган майдон сифатидаги ягона қиёфасини шакллантиришимиз керак. Бунда ҳар бир мамлакат ўзига хос мантиқий ва стратегик вазифани бажаради.
Нафақат маҳсулот ва капитал ёки тимсол ва рамзлар билан боғлиқ глобал рақобат шароитида ягона Марказий Осиё бренди иқтисодий жозибадорликнинг муҳим воситасига айланиши мумкин.
Маърузаси якунида Қозоғистон СТИ раҳбари ҳамкорликни муайян давлатлар миқёсида чуқурлаштириш билан чекланмасдан, ушбу жараёнга академик ва бизнес доира, фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилиш зарурлигини қайд этди.
– Бундай ёндашув жорий таҳдидларга тезкор муносабат билдириш баробарида, бўлажак тенденцияларни башорат қилиб, ўзгаришларга ҳамкорлар билан келишган ҳолда янада самарали мослашишга ёрдам беради, – деб ҳисоблайди таниқли таҳлилчи.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА