Хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги “International” меҳмонхонасида Марказий Осиё ва Хитой ҳамкорлиги истиқболига бағишланган йирик анжуман бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Хитой ижтимоий фанлар академияси Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилган “Умумий фаровонлик ва барқарор тараққиёт йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик” мавзусидаги тадбирнинг биринчи қисми мувафаққиятли ўтди.
Дастлаб Президент СМТИ директори Элдор Арипов сўнгги йилларда Хитой ва Марказий Осиё ҳамкорлиги барқарор ўсиш суръатини намоён этгани, ўтган йил май ойида бўлиб ўтган давлат раҳбарлари биринчи саммити бунинг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.
[gallery-17701]
Дастурга мувофиқ, видеомурожаат йўллаган Хитой Ижтимоий фанлар академияси Бош котиби Чжао Чжиминь таҳлил марказлари IV форуми ташкил этилганини юқори баҳолади. Шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари чиқиш қилди.
Шундан сўнг долзарб кун тартиби фаол амалий хусусиятга эга сессия муҳокамасига йўналтирилди. Йиғилишнинг расмий қисми якунлангач, “Марказий Осиё ва Хитой ривожланишнинг ҳозирги босқичида: умумий келажакка йўналтирилган ҳамкорлик” мавзусида мунозара бошланди.
Экспертлар Хитой минтақа мамлакатлари маҳсулотлари учун асосий йўналишлардан бирига айланаётгани, Чин диёрининг улкан истеъмол бозорига етказиб берилаётган рақобатбардош товарлар, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари тури изчил ортаётгани айтилди.
Куннинг иккинчи ярмида “Келажак иқтисодиёти: рақамли, инновацион ва “яшил” трансформация”, “Транспорт-логистика алоқаси ва саноат кооперациясини ривожлантириш умумий иқтисодий фаровонликка эришишнинг муҳим омили” мавзуларида ҳам сессиялар режалаштирилган.
Б.Худойбердиев, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА