Марказий Осиёда кечаётган сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ўзгаришлар бугунги кунда нафақат минтақа давлатлари, балки халқаро ҳамжамият эътиборида ҳам устувор ўрин эгалламоқда. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги еттинчи Маслаҳат учрашуви бу жараёнларнинг янги босқичи бўлди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Минтақамиздаги яқин ўтмишдаги турли зиддиятлар, узоқ йиллик баҳсли масалалар ортда қолди. Марказий Осиё – бугунги кунда кенг қамровли ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва прагматик ҳамкорлик асосида янги тараққиёт босқичи сари қадам қўйди.
15-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги еттинчи Маслаҳат учрашуви бу борада янги босқич бўлиб, тарихий аҳамият касб этди.
Мазкур учрашув олдидан Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласи матбуотда эълон қилинди. Ушбу мақола минтақа интеграциясининг бугунги динамикаси, унинг стратегик йўналишлари ва амалий аҳамиятини чуқур таҳлил қилиб бериши билан муҳим аҳамиятга эга.
Мақолада таъкидлаб ўтилганидек, бу жараёнлар тасодифий эмас, балки улар умумий манфаатларга таянган стратегик сиёсий ирода, масъулиятли етакчилар позицияси ва халқлар ўртасидаги яқин муносабатларнинг ижобий натижасидир. Бу минтақа давлатлари ўртасида янги сиёсий маданият шаклланаётганидан далолат беради.
Минтақа давлатларининг ўзаро яқинлашуви нафақат муваффақиятли амалий лойиҳаларда, балки халқлар онгида шаклланаётган ягона макон тамойилида ҳам намоён бўлмоқда. Шу жиҳатдан, мақолада билдирилган фикрлар минтақамизнинг янги сиёсий маданияти ва келажагига оид салмоқли хулосалар чиқаришга ёрдам беради.
Ҳақиқат шундаки, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги интеграцион жараёнлар аввал деярли кузатилмаган даражада фаоллашди. Маслаҳат учрашувлари механизмларининг ишга туширилиши, чегараларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ расмийлаштириш якунланиши, трансчегаравий савдо йўлакларининг кенгайиши ва минтақавий хавфсизликка оид янгича ёндашувларнинг жорий этилиши барқарор ва бирлашган Марказий Осиёни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари еттинчи Маслаҳат учрашуви якунида муҳим қарорлар, жумладан, Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.
Бундан ташқари, Президентлар Қирғиз Республикасининг 2027-2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзолигига номзоди юзасидан БМТга аъзо давлатларга мурожаат, Озарбайжон Республикасининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши тўғрисидаги қарор, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси, Марказий Осиё хавфсизлигига хатарларнинг каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чоралар каби муҳим ҳужжатларни қабул қилди.
Шу билан бирга, минтақа мамлакатларининг иқтисодий кўрсаткичлари ҳам интеграция самарасини акс эттирмоқда. ЯИМ, ўзаро савдо ва инвестиция ҳажмининг бир неча баробар ошгани – иқтисодий кооперация ва ҳамкорликнинг амалий натижасидир. Бу жараён келгусида саноат ишлаб чиқаришининг янада чуқур интеграцияси, қўшма корхоналар ва логистика занжирларини яратишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, бу тенденциялар минтақа учун янги давр бошланганини намоён қилмоқда. Бугунги Марказий Осиё – мулоқот, яқинлик, очиқлик ва ҳамкорлик маконига айланди. Бундай ҳамжиҳатлик нафақат минтақанинг ички барқарорлигига, балки унинг жаҳон сиёсатида мустаҳкамланишига ёрдам беради.
Норгул Абдураимва, ЎзА