Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви навбатдаги минтақавий тадбир эмас, балки бутун минтақанинг яқин ўн ёки йигирма йиллик сиёсий-иқтисодий архитектурасини белгилаб берувчи йирик сиёсий воқеа бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи айнан шу узоқ муддатли, стратегик режани ойдинлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Давлатимиз раҳбари эндиликда бундай учрашувларни “маслаҳат формати” эмас, балки янги типдаги “Марказий Осиё ҳамжамияти” сифатида номлашни таклиф этди.
Саммитда Президентлар Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси, 2026-2028 йилларга мўлжалланган хавфлар каталоги ва чора-тадбирлар режаси, Қирғиз Республикасининг БМТ Хавфсизлик Кенгашига номзодини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги мурожаат ҳамда Озарбайжоннинг форматга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиниши билан боғлиқ муҳим ҳужжатларни тасдиқлади. Бу қарорлар Марказий Осиёни геосиёсий беқарорлик шароитида фақат кузатувчи эмас, балки ташаббускор субъект сифатида тасаввур қилинишига замин яратади.
Бу ерда икки муҳим жиҳатга эътибор қаратиш зарур. Биринчидан, минтақа энди ташқи марказлар ташаббуси билан тузилган блок ва иттифоқларга қўшилиш ёки қўшилмаслик билан чекланмайди. Аксинча, ўзининг мустақил минтақавий институтларини яратиш йўлидан бормоқда. Мазкур жараён глобал тартибот парчаланиб, халқаро жараёнлар олдиндан башорат қилиб бўлмас даражада мураккаблашган бир вақтда табиий ҳимоя механизми сифатида маҳаллий ҳамжамиятларнинг мустаҳкамланиши тенденциясига тўла мос келади.
Иккинчидан, таклиф этилган формат “Брюсселча интеграция”дан фақрли ўлароқ, суверенитетни чеклаш эмас, балки маслаҳат, келишув ва босқичма-босқич яқинлашувга асосланган “юмшоқ интеграция” моделидир. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “минтақамизни 10-20 йилдан кейин қандай кўришни хоҳлашимиз ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш” стратегик аҳамиятга эга. Акс ҳолда минтақа ўз-ўзидан ташқи қутблар ўйинининг объектига айланиб қолади.
Озарбайжоннинг маслаҳат учрашувлари форматига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиниши саммитнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида шаклланаётган сиёсий-иқтисодий кўприк нафақат транзит макони, балки кенгроқ геосиёсий фазонинг муҳим бўғинига айланмоқда. Транскаспий йўлакларининг кучайиши, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли, Трансафғон коридори ва Каспий орқали йўлларнинг ўзаро уйғунлашиши минтақанинг стратегик ва иқтисодий имкониятларини сезиларли оширади.
Бу ерда яна бир нозик жиҳат борки, у ҳам бўлса, Озарбайжоннинг аллақачон Туркий давлатлар ташкилоти, НАТОнинг шериклик форматлари, энергия коридорлари орқали Ғарб тартиботи билан яқин алоқада экани. Унинг маслаҳат форматига кириши “Марказий Осиё ҳамжамияти”ни фақат “постсовет клуби” эмас, балки Евроосиё-Жанубий Кавказ-Яқин Шарқ кесишган нуқтада турган кенгроқ геосиёсий ҳудудга айлантиради. Бу, ўз навбатида, минтақа давлатларига бир томонлама қарамликдан кўра, кўп векторли сиёсат олиб боришда қўшимча майдон яратади.
Саммитда қабул қилинган “Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси” ва 2026-2028 йилларга мўлжалланган хатарлар каталогини оддий формалликдан кўра, минтақа муаммоларини чуқурроқ англашга интилиш дейиш мумкин. Глобал даражада хавфсизлик архитектураси емирилаётган, БМТ тизими ўзига бўлган ишонч инқирозини бошдан кечираётган, Украина, Яқин Шарқ, Қора денгиз, Ҳинд-Хитой, Афғонистон-Покистон чегараси каби нуқталарда зиддиятлар мураккаблашган бир пайтда Марказий Осиё давлатлари хавф ва таҳдидларни биргаликда ўз номи билан аташга, уларни жиловлашга, энг муҳими, биргаликда жавоб бериш механизмини белгилашга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, Қирғиз Республикасининг БМТ Хавфсизлик Кенгашига номзодини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги мурожаат минтақанинг глобал минбарда бирлашган позиция билан чиқишга интилишини кўрсатади. Ушбу ташаббус амалга ошса, Марказий Осиёнинг халқаро қарор қабул қилиш жараёнларидаги нуфузини янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.
Тошкентда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашуви ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи Марказий Осиёнинг геосиёсий манзарасида кескин бурилиш ясаб, минтақанинг эндиликда фақат ташқи кучлар таъсир майдони эмас, балки ўз стратегик манфаатларини шакллантира оладиган мустақил марказ сифатида шаклланаётганини яққол намоён қилди. Минтақа узоқ йиллар давомида ташқи инқирозларга фақат реакция қилиб келган бўлса, бугун у ўзининг ташаббускор моделларини, хавфсизлик механизмларини ва ҳамкорлик форматларини илгари сурмоқда.
Албатта, минтақа олдида ҳал қилиниши осон бўлмаган жиддий муаммолар мавжуд. Аммо эътиборли жиҳат шуки, Марказий Осиё биринчи марта ўз келажагини бир бутун минтақавий манзара сифатида тасаввур эта бошлади. Шу маънода, Тошкент саммити ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи минтақанинг ўз келажагини қўлга олиш йўлидаги илк жиддий қадамлардан бири бўлди. Агар бу тамойил изчил давом этса, Марказий Осиё глобал беқарорлик шароитида узоқ муддатли, прагматик ва мувозанатли ҳамкорликнинг янги моделига айланиши мумкин.
Мавлон Бобохонов,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд
давлат университети профессори,
Халқ депутатлари Самарқанд
вилоят кенгаши депутати.
ЎзА