2023-2024 йилларда “Марказий Осиё – Германия” формати саммитлар даражасига кўтарилиб, институционал сиёсий мулоқотдан барқарор стратегик шериклик платформасига айланди.
2023 йил 28-29 сентябрь кунлари Берлин шаҳрида, 2024 йил 17 сентябрь куни Остона шаҳрида ўтказилган саммитлар мазкур форматнинг юқори сиёсий даражада мустаҳкамланганини тасдиқлади. 2025 йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити ҳам ушбу мулоқотнинг кенг кўламли минтақавий даражадаги ўрнини мустаҳкамлади.
Айни жараённинг мантиқий давоми сифатида яқинда Тошкентда Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) ташаббуси билан “Марказий Осиё – Германия” таҳлил марказлари биринчи форуми ўтказилди.
Анжуман доирасида ЎзА мухбири мазкур форматнинг аҳамияти ва истиқболи юзасидан МОХИ бўлим бошлиғи Азамат Тошев билан суҳбатлашди.

– Сўнгги икки йилда “Марказий Осиё – Германия” формати саммитлар даражасига чиқди. Сизнингча, бу ҳамкорлик қандай аниқ иқтисодий натижалар беради?
– Таъкидлаш жоиз, Германия тизимли мулоқот ўрнатишга хизмат қиладиган муҳим сиёсий платформа сифатида фақат Марказий Осиё билан ягона стратегик минтақавий шериклик формати доирасидаги ҳамкорликка асос солган. Яъни, ГФР дунёнинг бошқа ҳеч бир минтақаси билан алоҳида келишувга эга эмас. Мазкур формат минтақавий масалаларни Марказий Осиё давлатлари умумий манфаати ва устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда, атрофлича кўриб чиқиш имконини беради.
Саммитлар даражасига кўтарилиш “Марказий Осиё – Германия” форматини декларатив мулоқотдан институционаллашган шериклик механизмига айлантирди. “Берлин-2023” анжуманида қабул қилинган қўшма декларация энергетика, “яшил” ўтиш, транспорт-логистика, савдо, гуманитар алоқалар каби устувор йўналишларни белгилаб берди. 2024 йилдаги Остона саммити эса шу йўналишларни амалий босқичга олиб чиқишга қаратилди.
Рақамлар бу жараён аниқ мазмун касб этаётганини кўрсатмоқда. 2024 йил бошига келиб Германиянинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 10,83 миллиард еврони ташкил этди. Айни нисбатда ГФР экспорти – 5,21 миллиард евро, импорти 5,62 миллиард евро. Немис компаниялари минтақамизга киритган инвестиция қиймати 12 миллиард евродан ошиб, 35 000 дан кўп иш ўрни яратилди. Ҳозир немис капитали иштирокида қарийб 900 корхона фаолият юритмоқда.
Бу кўрсаткичлар ҳамкорлик қуйидаги йўналишларда чуқурлашганини англатади:
саноат кооперацияси ва юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқариш;
қайта тикланувчи энергия ва “яшил” технологиялар трансфери;
логистика ва инфратузилмага сармоя;
стратегик минерал ресурслар соҳасида шериклик ва инвестицияни чуқурлаштириш.
Демак, формат иқтисодий жиҳатдан самара бераётганини кўриш мумкин. Асосий вазифа келишилган лойиҳаларни тезкор амалга оширишга киришиш ва институционал жиҳатдан изчил қўллаб-қувватлаш.
– Германия учун Марказий Осиёда ва аксинча минтақамиз учун ГФРда қайси йўналишлар стратегик устувор ҳисобланади?
– Германия нуқтаи назаридан уч устувор йўналишни ажратиш мумкин.
Биринчидан, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва диверсификация. Марказий Осиё нефть ва газ ресурслари, шунингдек “яшил” энергетика салоҳияти билан Германия учун муҳим шерик ҳисобланади. Европа учун таъминот манбаларини диверсификация қилиш шароитида минтақамизнинг аҳамияти тобора ортмоқда.
Иккинчидан, транспорт ва логистика занжири. Германия Евросиё маконида барқарор ва хавфсиз транзит йўналишларидан манфаатдор.
Учинчидан, технология, тоза энергия ва муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик. Ҳужжатларда қайд этилганидек, мазкур йўналиш барқарор иқтисодий шерикликнинг муҳим таркибий қисми сифатида кўриляпти. Марказий Осиё давлатлари учун эса Германия билан ҳамкорлик:
узоқ муддатга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш:
инвестициявий ва технологик шерикликни мустаҳкамлаш;
саноат модернизацияси;
илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида инсон капиталига инвестиция киритиш;
“Яшил” энергетикани ривожлантириш.
Европа бозорларига чиқиш имкониятини кенгайтириш нуқтаи назаридан стратегикдир.
Бу ерда икки томоннинг манфаатлари ўзаро уйғун: Германия учун ресурслар ва транзит диверсификацияси муҳим, Марказий Осиё учун технология, инвестиция ва янги бозорларга чиқиш имконияти долзарб саналади.
3. Транскаспий транспорт йўлагининг Германия учун стратегик аҳамияти нимада?
Марказий Осиёнинг Европа ва Осиё ўртасидаги муҳим кўприк сифатидаги ўрни жуда муҳим.
Узоқ муддатли мақсадларни амалга ошириш доирасида Германия Марказий Осиё билан транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Ўрта (Транскаспий) йўлакдан янада кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда. Минтақа давлатлари учун ҳам Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегик заруратдир.
Транскаспий йўлагини янада ривожлантириш Европа Иттифоқининг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасидаги минтақавий мақсадларига мос. Шу боис Транскаспий йўлагини кенгайтириш лойиҳаси савдо, инвестиция ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик учун янги имкониятлар яратади.
Айниқса, энергетика соҳасида Марказий Осиёдан Германияга нефть етказиб бериш имконияти, шунингдек газ соҳасидаги ҳамкорлик салоҳияти стратегик аҳамиятга эга.
Минтақа давлатлари Германия учун энергия манбалари ва етказиб бериш йўналишларини диверсификация қилишда муҳим ўрин тутади.
4. “Марказий Осиё – Германия” формати истиқболи ҳақида нима дея оласиз?
2026 йил 11 февраль куни Берлин шаҳрида Марказий Осиёнинг беш давлати делегациялари иштирокида С5+1 форматидаги биринчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.
Ўша куни вазирларни Президент Франк-Вальтер Штайнмайер қабул қилди. Анжуман доирасида Иқтисодий форум ҳам ташкил этилди.
Тадбирлар якуни бўйича томонлар С5+1 форматида конструктив мулоқотни давом эттириш, Марказий Осиё ҳамда Германия давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралари ўртасида амалий ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрликларини тасдиқладилар. Бу тадбирлар навбатдаги “Марказий Осиё – Германия” саммитига замин яратди.
Д.Ҳакимов, ЎзА