Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти Остона шаҳрида ўтказилди
14:47 / 2023-06-20

Остона шаҳрида БМТ ва Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Aёллар ишлари, оилавий ва демографик сиёсат бўйича миллий комиссия кўмагида “Инновациялар ва технологияларни ривожлантиришда аёлларнинг роли” мавзусида Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчи аёллари ўртасида хотин-қизларга оид долзарб масалалар юзасидан ўзаро маслаҳатлашувлар, фикр алмашиш ва амалий ҳамкорлик олиб боришга қаратилган мазкур минтақавий платформага 2023 йилда Қозоғистон раислик қилмоқда.  

Унда Ўзбекистон Сенати Раиси, Қозоғистон парламенти Спикери, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон депутатлари, давлат органлари раҳбарлари, шунингдек, нодавлат ва халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.  

Рақамлаштириш хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий муносабатларга кенг жалб этишнинг янги самарали воситаси сифатида Қозоғистоннинг Марказий Осиё аёллари мулоқотига раислигининг устувор йўналишлари қаторига киритилган.  

– 2020 йилда “Марказий Осиё мамлакатлари аёллари мулоқоти” платформасининг яратилиши билан мамлакатларимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда, – деди йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева. – Мулоқот Марказий Осиёда ўзининг салмоқли ўрнини эгаллади ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб қўллаб-қувватланди. Мазкур ноёб платформа фаолият кўрсатган даврда муҳим ҳужжатлар қабул қилинди ва йирик тадбирлар ўтказилди. Бу эса ҳудудий миқёсда самарали чора-тадбирларни амалга оширишга катта таъсир кўрсатди. Биз буни минтақа давлатларининг Мулоқотни янада ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва халқаро майдонда эътирофини оширишга бўлган катта қизиқишининг намоёни сифатида баҳолаймиз.  

Тадбир давомида иштирокчилар томонидан Марказий Осиё минтақаси мамлакатларидаги фаол, ишбилармон аёллар, академик ва илмий доиралар, нодавлат ва фуқаролик секторлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, демографик ривожланиш, гендер тенглигининг долзарб масалалари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида урғу берди. Туризм, маданиятни ривожлантириш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, экология соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, савдони, шу жумладан, рақамли технологияларни ривожлантириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

“Aёллар иштирокида инновациялар ва технологияларни ривожлантириш соҳасидаги илғор тажрибалар” мавзусидаги сессияда эса янги технологияларни ривожлантиришда аёлларнинг ролини кўрсатувчи муваффақиятли инновацион лойиҳалар, Марказий Осиё минтақаси аёлларининг стартаплари тақдимоти бўлиб ўтди.  

Сессия давомида иштирокчилар аёллар стартапларини, сунъий интеллектни, қишлоқ жойларда рақамлаштиришни ривожлантиришга қаратилган рақамли лойиҳалар, шунингдек, оила ва жамият, аёллар тадбиркорлиги, касб-ҳунар таълими ва бандлигини таъминлашнинг долзарб масалаларини ҳал этишга қаратилган ишланмаларни ҳам муҳокама қилди.  

Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотининг 2023 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси қабул қилинди.  

Н.Абдураимова, ЎзА