Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё етакчи аёллари ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар
19:04 / 2021-08-06

Туркманбоши шаҳрида 6 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти вакиллари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Туркманистон Миллий Генгеш Межлиси Раиси Гулшат Маммедова, Қозоғистон Республикаси парламенти Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Айгул Куспан, Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Торағаси ўринбосари Аида Касималиева, Тожикистон Республикаси ҳукумати ҳузуридаги Хотин-қизлар ва оила масалалари қўмитаси раиси Ҳилолби Қурбонзода қатнашди.

Тадбирда, шунингдек, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси раҳбари Миряна Сполярич Эггер иштирок этди.

Форумда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Мулоқот иштирокчиларига Мурожаатномаси эшитилди.

Гендер тенглиги нафақат инсон ҳуқуқини ўз ичига олади, балки жамият учун иқтисодий инқироз ва глобал пандемиядан тортиб иқлим ўзгариши ва қашшоқликнинг ўсиши каби замонамизнинг энг долзарб муаммоларини енгиб ўтиш учун ажойиб имкониятдир. Бу муаммолар аёлларга номутаносиб равишда ўз таъсирини ўтказади. Шу билан бирга аёллар уларни ҳал қилиш учун ғоялар ва етакчилик фазилатларига эга.

Бу мавзулар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви доирасида ўтказилган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти форумида атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон Мулоқотда раислиги доирасида уни такомиллаштиришга, яъни минтақа аёллари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги, юқори сифатли маслаҳатлар платформаси сифатида шакллантиришга барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишини маълум қилди.

У, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2021 йил май ойида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш миллий стратегиясини тасдиқлаганини таъкидлади. "Ҳужжат захирадаги аёлларни махсус дастурлар асосида тизимли ўқитиш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби бир қатор йўналишларни ўз ичига олади", деди Т.Норбоева.

Мулоқот вакиллари Марказий Осиё давлатлари томонидан гендер тенглигини таъминлаш бўйича сиёсатни амалга оширишда эришилган ютуқларни кўриб чиқдилар. Минтақа етакчи аёллари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш йўналишлари муҳокама қилинди. Шунингдек, давлатлар ўртасидаги гендер сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва аёлларнинг жамият ҳаётидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий бюроси раҳбари Миряна Сполярич-Эггер ўз нутқида мазкур Мулоқот бир неча ой илгари ишга туширилганда уни муваффақиятли ва самарали бўлишини тасаввур ҳам қила олмаганини қайд этди. "Тошкентдаги Аёллар бизнес форумидан тортиб, аёллар мақоми бўйича комиссиянинг маслаҳатлашувлари ва аёллар етакчилиги, низоларнинг олдини олиш ва тинчлик ўрнатиш бўйича давра суҳбати каби биргаликда ташкил этилган тадбирлар аёлларнинг ҳаракатларини бирлаштириш орқали қанчалик кўп иш қила олишини кўрсатади", деди Миряна Сполярич-Эггер.

Форумда БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман аёлларнинг тўлиқ иқтисодий иштирокисиз гендер тенглигига эришиш имконсизлигини таъкидлади. "Шунинг учун ҳам Мулоқотимизнинг бу йўналишдаги фаолияти жуда муҳим. Аёлларнинг иқтисодий салоҳияти ва иқтисодий ҳамкорлигининг ривожланиши шубҳасиз минтақанинг ривожланиши, янги имкониятлар очилиши, барқарор тинчлик ва хавфсизликка ҳисса қўшишига ёрдам беради", деди у.

Тадбирда таъкидланганидек, Марказий Осиё мамлакатларини умумий тарих, маданият, дин, урф-одатлар боғлаб туради. Шунингдек, минтақа давлатлари гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўхшаш муаммоларга дуч келади. Шу билан бирга, ҳар бир мамлакатда гендер масаласида, жумладан, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, жамоат ишларидаги иштироки, фан, таълим, маданиятни ривожлантириш борасида ўз ижобий тажрибаси мавжуд. Шу сабабли, бу тажриба билан бўлишиш, икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги барча гендер муаммолари бўйича фаол мулоқот қилиш – бутун минтақа аёлларининг умумий манфаатларига жавоб беради.

Тадбир давомида "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" кун тартиби, 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартиби, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари форуми декларацияси қабул қилинди.

Форум якунида Мулоқот иштирокчилари ҳамкорликни янада кенгайтириш, ушбу минтақавий платформанинг самарали ишлашини таъминлаш учун доимий тажриба алмашиш ва Марказий Осиё мамлакатлари манфаати учун минтақавий шерикликни чуқурлаштиришга ҳисса қўшиш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати