Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми ўз ишини бошлади
10:04 / 2024-09-12

Хоразм вилоятининг кўҳна Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми ўз ишини бошлади.

Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламентлари раҳбарлари ва делегациялари, шу жумладан, ёшлар парламенти ва гуруҳлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг вакиллари иштирок этмоқда.

Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Сенат Раиси Т.Норбоева бугунги кунда минтақанинг ҳамма давлатлари ўзининг келгуси тараққиётини бевосита Марказий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва фаровонлигига узвий боғлиқ ҳолда кўришини қайд этди. Давлат раҳбарларининг олий даражада эришаётган келишувларини самарали амалга ошириш, ҳамкорлик форматларини янада ривожлантиришда парламентлар ўртасидаги ўзаро алоқалар муҳим аҳамият касб этади.

Сенат Раиси парламентлараро ҳамкорлик доирасидаги ишларни фаоллаштириш юзасидан қатор таклифлар билдирди. Шундан сўнг ҳар бир давлат делегацияси раҳбари ўз кириш сўзида форум аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар, мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтди.

Қайд этиш жоизки, форум Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари, давлат ҳокимияти вакиллик органлари, ёшлар парламентлари ҳамда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришни мақсад қилган.

Айни вақтда анжуман ўз ишини 4 та панель сессия доирасида давом эттирмоқда.

Форум натижалари бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида парламентлараро ҳамкорликнинг янги шакллари ва йўналишлари ишлаб чиқилади. Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари ва маҳаллий вакиллик органларининг фаол иштирокини кенгайтиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилади.

Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар парламентлари ва гуруҳларининг минтақа парламентлари раҳбарларига мурожаатлари юборилади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда хотин-қизлар ва ёшларнинг ролини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.

Форум якунида Хива декларацияси қабул қилинади.

Норгул Абдураимова, ЎзА