Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Марказий Осиё давлатлари ва Хитой” ташқи ишлар вазирлари учрашуви якунланди
13:44 / 2022-06-08

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Нур-Султон шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” шаклидаги учинчи вазирлар учрашувида иштирок этди.

Мулоқот чоғида ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан 2022 йил 25 январь куни ўтказилган Марказий Осиё давлатлари ва Хитой раҳбарларининг онлайн-саммитида илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш йўллари ҳар томонлама кўриб чиқилди.

Вазирлар сиёсий мулоқот, барқарор ривожланиш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, илмий-техникавий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, ахборот технологиялари, экология, маданий-гуманитар ва яшил энергия манбалари соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш истагини тасдиқладилар. 

Минтақани хавфсизлик, ўзаро манфаатли, барқарор ва инклюзив шериклик маконига айлантириш мақсадида Марказий Осиё ва Хитой давлатларининг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлиги тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар.

Томонлар Афғонистонни тинч йўл билан тиклашга кўмаклашиш, бу жараёнда, жумладан, халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр алмашдилар. Афғонистонда фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига эришишга кўмаклашиш, гуманитар инқирозни имкон қадар тезроқ енгиб ўтиш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш, ушбу мамлакатни жаҳон иқтисодий муносабатига жалб этишдан томонлар бирдай манфаатдор экани билдирилди.

Ҳаво алоқасини қайта йўлга қўйиш, фуқаролар қатнови учун янада қулай шарт-шароит яратиш, йўловчи ташувчи рейсларни босқичма-босқич тиклаш, юк ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, «тезкор» ва «яшил» йўлаклар яратиш ҳамда мультимодал товарлар ташувини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

В.Норов Ўзбекистон Республикаси Президентининг узлуксиз юк ташишни таъминлаш, трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш ҳамда транспорт инфратузилмаси лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган Транспорт алоқаларини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё ва Хитой давлатларининг мувофиқлаштирувчи кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлашга чорлади. 

Тадбир якуни бўйича Қўшма баёнот, 2022-2025 йилларда Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро боғлиқлик соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ташаббуси, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида маълумотлар хавфсизлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик бўйича ташаббус қабул қилинди.

ЎзА