Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой божхона хизматлари раҳбарларининг “С5+1” форматидаги иккинчи учрашуви бўлиб ўтди.
Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов ҳозирги кунда бу каби учрашувлар алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Минтақа давлатлари глобал ишонч инқирозининг салбий оқибатларига дуч келаётгани сир эмас. Марказий Осиё ҳам, Хитой ҳам барқарор транспорт ва логистика занжирига эришиш учун чуқур амалий ҳамкорликка ҳар қачонгидан кўпроқ зарурат ҳис қилмоқда.
Шу сабабли, йиғилишда 2023 йилнинг 21 апрелида Хитой томони ташаббуси билан онлайн тарзда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой божхона идоралари раҳбарларининг биринчи йиғилишида эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинди.
Божхона соҳасида “Марказий Осиё – Хитой” форматидаги ҳамкорлик ўзаро савдо-иқтисодий алоқалари кенгаяётган бир даврда божхона тартиботларини ўзаро уйғунлаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилувчи қулай платформа сифатида кўрилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистон томони божхона ишида инновациялар ва рақамлаштириш бўйича ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш таклифини илгари сурди. Йиғилганлар эътиборига бу борадаги миллий тажриба намойиш қилинди.
Ҳозирда божхона органлари фаолиятига 35 та ахборот тизими, 40 та электрон хизмат, 11 та мобил илова жорий қилинган. Ахборот тизимлари 8 та хорижий давлат, 1 та халқаро ташкилот, 33 та вазирлик ва идоралар ҳамда 41 та авиакомпаниялар билан интеграция қилинган.
Энг муҳими, соҳани рақамлаштиришда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда илк бор Божхона қўмитаси раисининг Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича маслаҳатчиси лавозими таъсис этилди.
Божхона декларацияларини электрон расмийлаштириш тизимида сунъий интеллект элементларини қўллаган ҳолда товарларни ташиш харажатлари ҳамда ТИФ ТН кодларини автоматик аниқлаш имконияти йўлга қўйилди. Бу эса божхона расмийлаштируви жараёнларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини бермоқда.
Божхона қўмитасида Божхона расмийлаштируви марказининг ташкил қилиниши ва божхона юк декларацияларининг марказлаштирилган ҳолда расмийлаштирилиши ҳисобига жойларда 7 та божхона постини қисқартиришга эришилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА