Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё давлатлари терроризм ва эсктремизм тарқалишига қарши туриш учун зарур салоҳиятга эга
18:08 / 2022-03-03

Тошкент халқаро конференциясининг “Терроризм тарқалишига ёрдам берувчи шарт-шароитни бартараф этиш” мавзусидаги биринчи секция йиғилишида сўзга чиққан Қозоғистон Республикаси Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбари Еркин Тукумовнинг фикрича, январь воқеалари Қозоғистонда зўравон экстремизм ва терроризм, ушбу иллатларнинг трансформацион хусусияти, шунингдек, бундай салбий ҳолатларга қарши курашда янгича ёндашувлар мавзусини кун тартибига олиб чиқди.

Шу муносабат билан эксперт минтақада салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида бир қанча таклифларни илгари сурди.

– Биринчидан, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, шунингдек, радикализм ва радикал мафкура тарафдорларини реабилитация қилиш соҳасида фикр ва тажриба алмашиш орқали минтақада таҳлилий тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш;

– Иккинчидан, аҳоли онгида экстремизмга қарши маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш мақсадида минтақа давлатлари муфтийлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш;

– Учинчидан, экстремистлар томонидан ОАВ ва ижтимоий тармоқлардан бузғунчи мафкура тарғиботининг асосий омили сифатида фойдаланиш хавфини камайтириш учун янги технологиялар ва киберхавфсизлик соҳасида тажриба алмашиш зарур. Зеро, Марказий Осиё давлатлари минтақада терроризм ва экстремизм тарқалишига биргаликда қарши туриш учун зарур салоҳиятга эга.

– Экстремизм маҳаллий ёки минтақавий муаммо эмас, балки кенг кўламли долзарб хавф, – деди Қирғиз Республикаси Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбари Эрлан Тологонов. –Марказий Осиё давлатлари минтақада терроризм ва экстремизм тарқалишига қарши туришда қуйидаги чораларни кўриши зарур:

– диний жамоаларга етакчилик қила оладиган ва ташқи таъсирлар билан муваффақиятли рақобатлаша оладиган, яхши тайёрланган мутахассислардан захира шакллантириш;

– маҳкумлар билими, диний даражасини ошириш, уларнинг ижтимоийлашуви ва ўз-ўзини англаши учун шарт-шароит яратиш;

– терроризм ва диний экстремизмнинг кучайиб бораётган таҳдидига қарши биргаликда курашишга эътибор қаратган ҳолда, интеграция тузилмалари доирасида хавфсизликни мустаҳкамлаш;

– ахборот соҳасида хавфсизликни таъминлаш, интернет тармоғида экстремистик ва террористик ғоялар тарқалишига йўл қўймаслик.

– Давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлиги терроризм таҳдидига муваффақиятли қарши туришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди Туркманистон Республикаси Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбари Жумамират Гурбангелдиев.

Унинг таъкидлашича, глобаллашув жараёни жадаллашиб бораётган бир шароитда терроризмга қарши кураш катта аҳамиятга эга. Бунда мамлакат ва минтақаларнинг тинчлик, хавфсизликни таъминлашда барқарор ривожланиши жуда муҳим.

Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА