Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабат ўзаро ишонч асосида мустаҳкамланмоқда
14:28 / 2025-09-11

Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги ўзига хос омиллар асосида мустаҳкамланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Ўзбекистон қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб, ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди”.

Маълумки, “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши – “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш” ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан маънода давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ташқи сиёсат борасида амалга  оширилаётган ислоҳотлар туфайли Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик том маънода янги босқичга кўтарилгани бежиз эмас.

Минтақавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган давлатлараро мулоқот платформалари ва форматлари таҳлил қилинганда Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари мунтазам йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш керак.

Мазкур учрашувларда давлатимиз номидан билдирилган, минтақанинг барча халқлари манфаатига хизмат қилувчи қатор амалий таклифлар самараси ўлароқ, товарларни етказиб беришнинг ягона ва соддалаштирилган тартиб-қоидасига эга чегара савдо зоналари тизими яратилмоқда. Бундан ташқари маданият, санъат ва кино фестивалларини навбатма-навбат ўтказиш анъанаси ҳам йўлга қўйилган.

Энг муҳими, Ўзбекистон ташаббуслари кўплаб хорижлик экспертлар томонидан юксак эътироф этиляпти. Масалан, Хитой Давлат Кенгаши ҳузуридаги Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти директори Ли Юнцюань шундай дейди:

– Ўзбекистон минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнининг фаол иштирокчисидир. Мамлакат Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви механизмида минтақавий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган долзарб масалалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

Дарҳақиқат, минтақанинг замонавий халқаро муносабатлардаги ўрни мустаҳкамланиши натижасида дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакат билан ҳамкорликка интилиш тамойили кучайди.

Азал-азалдан ўзаро қардош ва биродар мамлакатлар кўпгина минтақавий ва глобал масалаларда, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт сари биргаликда ҳаракат қила бошлади. Жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” ибораси пайдо бўлди.

Мустақилликка эришилган пайт Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 47 миллиард доллар атрофида эди. Орадан 34 йил ўтганда бу миқдор 10 баробардан кўпроқ ўсиб, 500 миллиард долларга яқинлашди. Миллий иқтисодиётлар юқори суръатда ривожланмоқда.

35 йил аввал минтақамизнинг 5 давлатида жами 50 миллиондан кўпроқ аҳоли яшаган. Бу рақам 2024 йил охирига келиб 80 миллиондан ошди. Энг кўп ўсиш – Тожикистон (98 фоиз) ва Ўзбекистонда (84 фоиз) кузатилган. Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонда ҳам аҳоли сони сезиларли даражада кўпайган.

Хулоса шуки, Марказий Осиё муҳим ва ноёб ресурс, иқтисодий ва коммуникация салоҳиятига эга ҳудуд сифатида бугун ўзининг мустақил тараққиёт йўлига эга. Минтақамиз давлатлари инсонпарварлик, ижтимоий адолат, умумий хавфсизлик, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва осойишталик муҳитини яратиш каби халқаро ҳуқуқ тамойиллари асосида ташқи сиёсий фаолият олиб бориб, ривожла­наётган мамлакатлар сафига дадил кириб бормоқда.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА