Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари форуми декларацияси қабул қилинди
19:40 / 2025-09-12

Тошкент шаҳрида БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг Биринчи халқаро форуми бўлиб ўтди.

“Марказий Осиё давлатларида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: Болалар омбудсманлари минтақавий ҳамкорлиги истиқболлари” мавзусига бағишланган халқаро анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Болалар омбудсманлари ҳамда Финляндия, Норвегия, Хорватия каби Европа мамлакатлари Болалар омбудсманлари ва Европа Болалар омбудсманлари тармоғи (ENOC) вакиллари, Олий Мажлис палаталари аъзолари, мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Форумнинг куни кеча бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Кастижио, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Антти Карттунен болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш долзарб масалалардан бири эканига эътибор қаратди. 

Зотан, дунё бўйлаб юз бераётган турли нотинчликликлар, фаол миграция жараёнларида кўпроқ болалар азият чекмоқда. Уларни ҳимоя қилишга қаратилган ишларни кучайтириш, бир мақсад йўлида фаолият юритаётган институтлар ҳамкорлигини кучайтириш амалда болалар манфаатларига хизмат қилади. 

Тадбирнинг иккинчи иш кунида Ўзбекистон болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова мамлакатимизда бола манфаатларини ишончли таъминлаш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу борада халқаро ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади. 

Жумладан, Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманларининг яқиндан алоқалари ва ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ижтимоий оғир аҳволда бўлган болаларни хориждан ўз Ватанига қайтариш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда зарур ҳужжатларни расмийлаштириш каби мураккаб вазиятлар юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. 

Айтиш жоизки, бола ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасида минтақада илғор давлатлардан бўлган Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари мулоқоти минтақавий платформасини яратиш ташаббусини илгари сурди.

Икки кун давом этган халқаро форумда болаларни ҳимоя қилиш соҳасида конструктив тажриба алмашилди. Умумий муаммоларни оптимал ҳал этиш, минтақавий ва трансмиллий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича ягона ёндашувлар ишлаб чиқилди. Марказий Осиё давлатларининг Болалар омбудсманлари ўртасида мулоқот ва ўзаро ҳамкорликнинг самарали минтақавий платформаси яратилди.

Форум доирасида бола ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган пленар сессиялар ўтказилди. Улар доирасида Марказий Осиё давлатларининг бола ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатлар нормаларини миллий қонунчиликка жорий этиш тажрибаси, болалар вазиятининг миллий мониторинги, Болалар омбудсманларининг минтақалараро ва халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. 

Интернет маконида болалар хавфсизлигини таъминлаш муаммолари, болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олишнинг самарали механизми, одил судловдан самарали фойдаланиш имкониятларини таъминлаш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. 

Анжуман якунида бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида Марказий Осиёда минтақалараро ҳамда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари форуми декларацияси қабул қилинди.

Ўзбекистон ташаббуси билан илк бор Тошкентда ташкил этилган Марказий Осиё давлатлари Болалар омбудсманлари форуми эндиликда ҳар йили ўтказилишига келишилди. 2026 йилда навбатдаги форум Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтиши белгиланди. 

Норгул Абдураимова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА