Пойтахтимизда “Марказий Осиёда чорвачилик қиймат занжирлари: ҳолати, муаммолари ва сиёсат” мавзусида минтақавий техник семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат идоралари, илмий муассасалар, хусусий сектор ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашиб, чорвачилик қиймат занжирининг ҳозирги ҳолати, муаммолар ҳамда ривожланиш истиқболларини муҳокама қилди.
Семинар Германиянинг Гессен шаҳридаги Юстус Либих номидаги университет ҳузуридаги Халқаро тараққиёт ва атроф-муҳитни тадқиқ этиш маркази, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “Иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги бўйича Германия – Ўзбекистон мулоқоти” ташаббуси билан ташкил этилди.
Тадбирдан асосий мақсад Марказий Осиё мамлакатларида чорвачилик қиймат занжирларини ривожлантириш, кичик фермерларнинг бозорга интеграцияси, барқарор озуқа ишлаб чиқариш ҳамда ҳайвон касалликларига қарши курашда минтақавий ҳамкорлик масалаларини атрофлича кўриб чиқиш.
Йиғилиш очилиш қисмида ФАО Ўзбекистон вакили Марипа Кичинебатйрова, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти директори доктор Азамжон Нурматов ҳамда Юстус Либих университети профессори доктор Мартин Петрик маъруза қилди.
Семинарда Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилган “Транс-Ливестоcк: Тожикистон ва Ўзбекистон трансчегаравий ҳудудларида чорвачиликнинг иқтисодий интеграцияси” халқаро тадқиқот лойиҳасининг натижалари ҳам тақдим этилди. 2022–2025 йиллар давомида амалга оширилаётган лойиҳа чорвачилик маҳсулотлари савдоси, барқарор озуқа таъминоти, яйловлардан оқилона фойдаланиш ва чорвачилик тармоғининг минтақавий иқтисодиётга интеграциясини ўрганишга қаратилган.
Семинарда экспертлар кичик ва йирик чорвадорлар ролини, манфаатини бозор иштирокчилари ва давлат билан уйғунлаштириш йўлларини, давлат хизматларини янада самарали қилиш чораси, шунингдек, Ўзбекистон келажак фермерларини шакллантиришда бозор ва ҳукуматнинг ўрни масаласини ўрганди.
— Семинар давомида ёш фермерлар масаласи алоҳида қизиқиш уйғотди, улар ўз келажагини мустақил шакллантира олиши ва бунинг учун зарур ресурсларга эга бўлиш масаласи жуда муҳим, — деди профессор Мартин Петрик. — Бу Ўзбекистон учун долзарб соҳа ҳисобланади.
Шунингдек, мутахассислар чорвачилик соҳасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, “Ягона саломатлик” ёндашуви орқали пандемияларга тайёргарликни мустаҳкамлаш ва илмий тадқиқотлар билан сиёсат ишлаб чиқиш жараёнини боғлаш зарурлигини қайд этди.
Семинар якунида барқарор чорвачиликни ривожлантириш, минтақавий савдони кучайтириш ҳамда қўшма илмий ташаббусларни кенгайтиришга қаратилган таклифлар илгари сурилди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА