Пойтахтимизда 13 ёшгача бўлган ёш қиличбозлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати ўтказилмоқда. Мазкур мусобақанинг шпагa йўналишида яккалик ҳамда жамоавий беллашувлар ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Грузия терма жамоаларининг ёш қиличбозлари иштирок этаётган ушбу турнирнинг яккалик баҳсларида 100 нафардан ортиқ ёш спортчилар ғолиблик учун ўзаро куч синашди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўғил болалар ўртасида Даниил Тараскин (Грузия), Неъматилло Толибжонов (Ўзбекистон), Шоҳзахон Ғофуров (Ўзбекистон) ва Муҳаммадали Раҳмонтов (Ўзбекистон) ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган бўлса, қиз болалар орасида Арина Фролова (Қозоғистон) олтин, Соҳибжамол Юсупова (Ўзбекистон) кумуш, Гулзода Қозимжонова (Ўзбекистон) ва София Куянчиева (Ўзбекистон) бронза медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, чемпионат доирасида шпагa бўйича жамоавий беллашувлар ҳам катта ҳаяжон ва муросасиз курашлар остида ўтди. Унда Андижон қизлар жамоаси ва ўғил болалар ўртасида "Қозоғистон-1" жамоаси шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Мусобақа 20 декабрь кунига қадар давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА