Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиёда ягона социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия иш бошлаганига 25 йил бўлди....
14:30 / 2020-02-18

Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан “Биз 25 ёшдамиз!” мавзусида тадбир ўтказилди.


Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан “Биз 25 ёшдамиз!” мавзусида тадбир ўтказилди.

Партия ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида партия вилоят, туман ва шаҳар кенгаши раислари, депутатлар, партия фаоллари, ёшлар иштирок этди.

Тадбирда партия томонидан ўтган даврда амалга оширилган ишлар, натижалар, бу борада партия фахрийлари, фаолларининг фидойилиги алоҳида эътироф этилиб, галдаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, сиёсий майдонга ижтимоий адолат ғояси билан кириб келган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимиздаги барча ижтимоий-иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Партия ҳуқуқий демократик давлат, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-иқтисодий барқарор турмуш тарзини шакллантириш каби долзарб жараёнларда ўз ролини кучайтиришни мақсад қилган.

Бундан чорак аср аввал, яъни 1995 йилнинг 18 февралида бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг таъсис қурултойида Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, республикада демократияни ривожлантириш, ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда сиёсий партия тузиш юзасидан қарор қабул қилинган эди. Аҳамиятлиси, “Адолат” номини олган ушбу янги партия ўша вақтда нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда ягона социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия эди.

Партия сиёсий майдонга чиққан илк кунларданоқ ижтимоий адолат ғояси тамойилини илгари суриб, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари манфаатларини ифодаловчи жипслашган куч сифатида ўзини кўрсата олди.

Аҳоли ўртасида партия нафақат қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилувчи, балки социал-демократияни мустаҳкамловчи сиёсий куч сифатида ҳам танилмоқда. Аҳамиятли жиҳати, бошқа ҳудудлар каби Тошкент вилоятида ҳам партия тарафдорлари сони сезиларли даражада ортди. Боиси, вилоятда партия ғоя ва мақсадлари, лойиҳаларини жойларда кенг тарғиб этиш, аҳолининг турли қатламларига чуқурроқ кириб боришда партия фаоллари самарали меҳнат қилмоқда.

Жумладан, таъсис этилган вақтда партия аъзолари 3 минг 400 нафарни ташкил этган бўлса, айни пайтда аъзолар сони 400 минг нафардан ошди. Шундан 42 мингга яқин аъзолар Тошкент вилояти аҳолиси ҳиссасига тўғри келиб, 13 минг нафардан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар, 20 минг нафардан зиёдини эса аёллар ташкил этади.

Тадбирда партия фахрийлари ва фаоллари ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.