Марказий лаборатория – бу “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-сонли Гидрометаллургия заводининг “кўзи”, энг нозик ва муҳим жараёнларни илғаб, таҳлил қилиб борувчи маркази. Чунки айнан шу ерда завод фаолиятининг асоси – маъдан ва металлнинг сифати аниқланади. Пировардида технологик барқарорлик таъминланади.
Бу жараёнлар фазали-назорат, намуна-таҳлил ва технологик тадқиқотлар гуруҳида босқичма-босқич амалга оширилади. Лаборатория таркибидаги ҳар бир гуруҳ ўзига хос, такрорланмас вазифаларни бажарар экан, заводнинг узлуксиз ишлашини таъминловчи муҳим бўғинларга айланади.
[gallery-23889]
Эътиборлиси, лабораторияга Германияда ишлаб чиқарилган янги Icе-3000 спектрофотометри олиб келиниши суюқ фазада қимматбаҳо металлни кўриш ва аниқлаш имконини оширди.
Завод марказий лабораториясида 100 дан ортиқ малакали мутахассис, 10 нафар муҳандис-техник ходим фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда бажарилаётган таҳлиллар сони етти баравар ошган.
Инновацион ёндашув, юқори аниқлик ва тинимсиз изланиш лаборатория ходимларининг устувор тамойилига айланган. Айнан шу жиҳатлар туфайли завод марказий лабораторияси сифат ва ишончлилик тимсоли, юксак технологик тараққиёт намунаси бўлиб қолмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА