Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида “НКМК” АЖ Шимолий кон бошқармаси Марказий физика-кимёвий лабораторияси янги бинога кўчиб ўтди ва унинг таркибида комбинат тарихида биринчи марта замонавий биолаборатория ишга туширилди.
Янги биолабораторияда 3-гидрометаллургия заводида қўлланилаётган“BIOX” бактериал оксидлаш жараёнида бактерияларни ўрганиш, уларнинг фаоллигини ошириш, озуқа моддалари сарфини оптималлаштириш ҳамда оксидлаш жараёнини яхшилаш бўйича тадқиқотларни тизимли олиб бориш имкониятлари мавжуд. Лабораторияга ўрнатилган барча ускуна ва жиҳозлар Навоий машинасозлик заводида тайёрланди.

--Заводда биооксидлаш жараёни таркибида олтин бўлган сульфидли флотация концентратларининг турли бактериялар ёрдамида оксидланишига асосланган,-- дейди лаборатория бошлиғи Алишер Ботиров. - Ҳозир “BIOX” цехидаги 6 та биореакторда 12 та биооксидлаш модуллари мавжуд бўлиб, улар ишлаб чиқариш суръатини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бугун ишга туширилган биолаборатория ойига 10 мингдан ортиқ намунани таҳлил қилиш қувватига эга. Унинг қулайликлари эса ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, тадқиқот ишларида самарадорликни таъминлайди.


Марказий физика-кимёвий лаборатория янги биноси ва мазкур биолабораторияни ишга туширишга бағишланган тадбирда Шимолий кон бошқармаси раҳбарияти, корхона ишчи-ходимлари иштирок этишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири