Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов видеоконференция тарзида Афғонистон божхона хизмати раиси ўринбосари С.Абдулзода билан мулоқот ўтказди.
Онлайн учрашувда икки мамлакат ўртасида яқин қўшничилик ва фаол ҳамкорликни таъминлашга қаратилган конструктив сиёсат натижасида ўзаро иқтисодий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Хусусан, ўтган йил якунларига кўра Афғонистон билан ташқи савдо ҳажми 1,5 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 53 фоизга ошгани қайд этилди.
Шунингдек, икки давлат ўртасидаги чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган фуқаролар сони 1,5 баробарга кўпайган. Автотранспорт воситалари ҳаракати 36 фоизга, юк ташувчи темир йўл вагонлари ҳаракати эса 13 фоизга ошган.

Сўнгги йилларда Афғонистон билан чегара олди ҳудудларда савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш мақсадида афғон фуқаролари ва тадбиркорлари учун “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси фаолияти йўлга қўйилди.
Ташқи савдо айланмасининг изчил ўсиши божхона соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни талаб этмоқда. Шу муносабат билан учрашувда божхона назорати ва расмийлаштирув жараёнларини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳозирда Ўзбекистон ва Афғонистон божхона хизматлари ўртасида товар ва транспорт воситалари ҳаракати тўғрисида дастлабки ахборот алмашинувини қайта йўлга қўйиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу амалиёт товарларни чегарага етиб келишидан аввал таҳлил қилиш ва импорт жараёнини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконини беради.

Музокаралар давомида Ўзбекистондан экспорт қилинаётган товарларни Афғонистон ҳудудида импортга расмийлаштиришда юзага келаётган айрим муаммолар ҳам кўриб чиқилди.
Қўмита раиси Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомига эга Марказий божхона лабораториясида Афғонистон божхона хизмати ходимларини товарларни экспертиза қилиш ва таснифлаш йўналишларида бепул ўқитишни ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Учрашув очиқ ва конструктив руҳда ўтди.
Ш.Маматуропова, ЎзА