Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди
16:36 / 2021-12-09

Марказий банк бошқарувининг 2021 йил 9 декабрда ўтказилган йиғилишида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Йиллик инфляция кўрсаткичлари йиллик прогноз доирасида шаклланиб бораётган бўлса-да, глобал ва ички иқтисодиётда бир қатор инфляцион хатарлар сақланиб қолаётганлиги ҳамда 2022 йил инфляция прогнозларига эришиш учун мутаносиб пул-кредит шароитларини яратиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

2021 йилнинг ноябрь ойида йиллик инфляция кўрсаткичи 10,3 фоизни ташкил этди. Бунда, юқори база эффекти ҳисобига инфляциянинг ёқилғи ва траспорт хизматларидан ташқари барча гуруҳларида йиллик ўсиш суръатлари ўтган ойларга нисбатан секинлашди. Ноябрь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 13,4 фоизни ташкил этган бўлса, ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлариники мос равишда 7,9 ва 8,1 фоиз даражасида бўлди.

Мавсумий тебранувчан мева ва сабзавотлар, ёқилғи маҳсулотлари ва тартибга солинадиган товарлар нархлари (тарифлари) ўзгаришини истисно қилиш орқали ҳисобланадиган базавий инфляция даражаси 8,9 фоизгача пасайди. Бунда, базавий инфляциянинг умумий инфляцияга оширувчи ҳиссаси 6,8 фоизни ташкил этиб, 2018 йилдан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.

Ноябрь ойида ўтказилган сўровларда келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 16,5 фоиз ва 15,6 фоиз даражасида шаклланди. Бунда, респондентлар инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт харажатларининг қимматлашиши, пандемия билан боғлиқ ноаниқликларнинг ишлаб чиқариш ва маҳсулот етказиб беришга (импорт) таъсирини келтиришган.

Жорий йилнинг 11 ойида қайд этилган иқтисодий фаоллик ва тармоқлардаги ижобий кўрсаткичларни ҳисобга олиб йил якунлари бўйича иқтисодий ўсиш суръати 6,5-7,2 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ўртасида ноябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, иқтисодий фаоллик индекси бироз мавсумий пасайиш тенденциясига эга бўлса-да, ижобий даражада шаклланиб, 53,4 ташкил этди (ўртача йиллик 52,9).

2021 йил иккинчи ярмидан бошлаб кенг кўламда амалга оширилаётган фискал рағбатлантиришлар ва пул-кредит сиёсатининг жорий шароитлари 2022 йилнинг биринчи ярмида ҳам истеъмол талаби ва инвестицион фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлади. Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилнинг иккинчи ярмидан иқтисодий ўсиш суръатлар ўзининг узоқ муддатли кўрсаткичларига, иқтисодиёт эса ўз салоҳиятли даражасига яқинлашади.

Кредитлаш фаоллигининг сақланиб қолиши натижасида январь-ноябрь ойларида иқтисодиётга ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсган бўлса, кредитларнинг қайтувчанлик даражаси 14 фоиз бандга яхшиланиб, 72 фоизга етди.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА