English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий банк: Валюта бозорида таклиф талабдан юқори суръатда ўсган
11:02 / 2025-11-24

Марказий банкнинг жорий йил январь–октябрь ойларидаги валюта бозори шарҳига кўра, Ўзбекистоннинг ички валюта бозорида хорижий валюта таклифи талабга нисбатан сезиларли юқори суръатда ошди. Бу ҳолат бозор барқарорлигини таъминлаган асосий омиллардан бири сифатида қайд этилди.

Ҳисобот даврида хорижий валютага талаб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсиб, 48,4 миллиард долларни ташкил этди. Валюта таклифи эса 26,5 фоизга кўтарилиб, 41,2 миллиард долларга етди.

Монетар олтин сотиб олиниши натижасида иқтисодиётда юзага келган ортиқча ликвидлик регулятор томонидан валюта операциялари ва пул-кредит сиёсатининг бошқа инструментлари орқали стерилизация қилинган.

Юридик шахслар томонидан хорижий валютага талаб 38,7 миллиард доллар (+24%) миқдорида шаклланди. Шу билан бирга, корхоналар томонидан валюта таклифи 20,1 миллиард доллар (+38%) бўлди. Экспорт тушумлари 14,5 миллиард долларга етган (+18%), шундан 8,1 миллиард доллар ички бозорда сотилган (+23%). Банклар томонидан 7,3 миллиард долларлик хорижий кредитлар бозорга таклиф қилинган (+62%).

Аҳоли томонидан валюта сотиш ҳажми валюта харидларидан 7,8 миллиард долларга юқори бўлди. Жорий йилнинг 10 ойи давомида фуқаролар банкларга 17,4 миллиард доллар валюта сотган — бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп. Шу давр мобайнида аҳоли томонидан 9,6 миллиард долларлик валюта харид қилинган (+24%).

Чакана валюта операцияларининг ижобий салдоси 7,85 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 44 фоизга кўп бўлиб, ички бозордаги қўшимча валюта манбасининг муҳим қисмини таъминлади.

Асосий валюта тушумлари халқаро пул ўтказмалари ҳиссасига тўғри келиб, уларнинг умумий ҳажми 15,8 миллиард долларни ташкил қилди (+25%). Четга пул ўтказмалари эса 2,2 миллиард долларга тенг бўлиб, ўтган йилга нисбатан 147 миллион долларга камайди.

Миллий валюта динамикаси валюта бозоридаги талаб ва таклиф мувозанати ҳамда ташқи макроиқтисодий шароитлар билан белгиланади. Сўмнинг мустаҳкамланишига экспорт тушумларининг ўсиши, хорижий кредитлар кирими, пул ўтказмалари ҳажмининг ошиши, импорт ҳажмининг барқарорлиги ва хорижий инвестициялар ўсиши таъсир этган.

Йил бошидан буён сўм долларга нисбатан 7,3 фоизга мустаҳкамланиб, 12 920,48 сўмдан 11 971,4 сўмгача қадрланган. Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг мос даврида миллий валюта 4,1 фоизга қадрсизланган эди.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА