Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий банк раҳбари Саудия делегацияси аъзолари билан учрашди
16:51 / 2021-01-25

Саудия Арабистони делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида подшоҳлик инвестициялар вазири Холид ал-Фолиҳ ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда давлат раҳбарлари ташаббуси билан сифат даражасидан янги босқичга кўтарилди. Шу билан бирга, корнавирус пандемияси туфайли жаҳон иқтисодиётида юз берган мураккаб вазият ушбу алоқаларни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Зеро, айнан молиявий-иқтисодий муносабатларни фаоллаштириш давлатларимиз ўртасидаги дўстона, ўзаро ишончли шерикликни янада мустаҳкамлашга асос, замин бўлиб хизмат қилади.

М.Нурмуратов саудиялик мартабали меҳмонга мамлакатимиз банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳанинг мамлакат иқтисодиётида тутган ўрни, аҳолига банк хизматлари кўрсатиш бўйича яратилаётган шарт-шароитлар, имтиёзлар хусусида батафсил сўзлаб берди. Дунёнинг иқтисодиёти тараққий этган саноқли давлатлари қаторида эътироф этиладиган Саудия Арабистони билан молиявий соҳада изчил ҳамкорлик йўлга қўйилиши Ўзбекистонинг ривожланган мамлакатлар сафидан ўрин олиш йўлидаги саъй-ҳаракатига тўлиқ мос келиши таъкидланди.

Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фолиҳ, ўз навбатида, Ўзбекистон томонидан Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ҳар томонлама очиқ сиёсатни тўлиқ маъқуллашини билдирди. Коронавирус пандемияси туфайли дунё мамлакатлари ўртасидаги бевосита алоқаларда, ўзаро ташрифларда юз берган узилишдан сўнг Саудия Арабистони ҳукумати томонидан 70 га яқин мутахассис – вазирлик, идоралар, йирик компаниялар, бизнес субъектлари раҳбарларидан иборат катта делегация билан илк сафар айнан Ўзбекистонга уюштирилиши бежиз эмаслигини алоҳида таъкидлади. Бу икки давлат ўртасидаги дўстона, ўзаро ишончга асосланган шериклик муносабатларининг юқори даражаси, савиясидан дарак беради.

– Мамлакатингиз бугунги кунда ҳар томонлама оқилона сиёсат юритмоқда, – деди Холид ал-Фолиҳ. – Бу айниқса, пандемия даврида яққол намоён бўлди. Жаҳоннинг иқтисодий жиҳатдан тараққий этган кўплаб давлатлари ўта муракааб ҳолатга тушиб қолган бир пайтда Ўзбекистон молиявий барқарорликни сақлаб қола олди. Ҳатто, таъбир жоиз бўлса, муайян ўсиш даражасига ҳам эришди. Айнан мана шу жиҳат мамлакатларимиз муносабатлари ривожланишига асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Саудия Арабистони молия, банк тизими бўйича 80 йиллик улкан тажрибага эга. Шу маънода икки давлат йирик халқаро молиявий тузилмалар доирасида, Марказий банклар ўртасида ҳамда бошқа турли йўналишларда изчил ҳамкорлик ўрнатиши ўзаро манфаатли экани аниқ.

Мулоқот чоғида Марказий банк раҳбари ва Саудия вазири муайян йўналишларда кенг қамровли мунтазам алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Мазкур ҳамкорлик хорижий банкларга лицензия бериш, чет эл инвестицияси учун зарур шарт-шароит яратиш, туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш, банклар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш, тизимни хусусийлаштириш кўламини кенгайтириш, соҳада Ислом молияси тизимини жорий қилиш ва бугунги кунда энг долзарб масалалардан бирига айланган банкларда рақамли технологиялардан унумли фойдаланиш ва аҳолига, мижозларга электрон хизмат кўрсатиш қамровини ошириш каби муҳим жиҳатларни ўз ичига олади.

Суҳбат якунида ҳар икки томон ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

ЎзА