Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий банк қошида 50 миллион долларлик венчур фонд ташкил этилади
13:37 / 2025-11-28

Ўзбекистонда молиявий технологиялар (финтех) соҳасини тубдан ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам қўйилди.

Жорий йил 27 ноябрь куни “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.  

Мазкур қарорга мамлакатимизда финтех экотизимини 2026–2030 йилларда янги даражага олиб чиқишни мақсад қилади. Қарорга мувофиқ, Марказий банк ҳузурида МЧЖ шаклида устав жамғармаси 50 миллион АҚШ долларига тенг бўлган венчур фонд ташкил этилади. У финтех йўналишидаги стартапларни молиялаштириш, янги технологик ечимларни қўллаб-қувватлаш ва бозорга чиқаришда асосий пул муомала марказига айланади.  

Шу билан бирга, стартаплар учун алоҳида инновацион хаб ташкил этилиб, бу ерда, финтех бўйича таълим дастурлари, акселерация ва менторлик платформалари, инвестиция имкониятлари йўлга қўйилади. 2026 йил 1 январдан инновацион хаб иштирокчилари финтех курсларида ўқиш ва сертификат олиш бўйича харажатларининг 50 фоизигача, аммо 20 минг доллардан ошмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади. Бу стартаплар, IT мутахассислар ва янги лойиҳалар учун муҳим рағбат бўлади.  

Қарорга кўра, 2026–2030 йилларда финтех стартапларига камида 1 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Шу билан бирга, финтех бозори иштирокчилари сони 200 тага етиши кўзда тутилган.  

Замонавий молиявий инфратузилманинг асосий таркибий қисми бўлган open banking — очиқ банкинг тизими 2026 йил 1 сентябргача ишга туширилади. Бу банклар, тўлов ташкилотлари ва финтех компаниялари ўртасида хавфсиз маълумот алмашинувини таъминлайди.  

Очиқ банкинг рақамли тўловларни янада тезлаштиради, финтех маҳсулотлари сифатини оширади, рақобатни кучайтиради. 2026 йил 1 январдан барқарор токенлар (stablecoins) айланмасини тартибга солувчи махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. Шу доирада тақсимланган реестр технологияси (blockchain) асосида тўлов тизими бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади.  

Шунингдек, “тартибга солиш қумдони” режими ишга туширилиб, унда иштирок этувчи компаниялар учун енгиллаштирилган шароитлар яратилади. Шу билан бирга, 2026 йилдан Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахсларга токенлаштирилган акция ва облигациялар чиқаришга рухсат берилади. Лицензияга эга фонд биржаларида ушбу активлар муомаласи учун алоҳида савдо майдони ташкил қилинади.  

2026 йилдан бошлаб Марказий банк ҳар йили финтех йўналишида халқаро форумлар ўтказади. Бу эса чет эллик инвесторларни жалб қилиш, маҳаллий стартапларни жаҳон бозорига олиб чиқиш, Ўзбекистонни минтақавий финтех марказига айлантириш имконини беради.  

Бир сўз билан айтганда, қабул қилинган қарор Ўзбекистон финтех бозорини ривожлантиришда туб бурилиш нуқтаси бўлади. Венчур фонд ташкил этилиши, инновацион хабнинг очилиши, замонавий ҳуқуқий режимлар, токенлаштирилган активлар ва очиқ банкинг — буларнинг барчаси мамлакат молиявий экотизимини рақамли босқичга олиб чиқади.  

Бу ташаббуслар натижасида Ўзбекистон яқин йилларда Марказий Осиёнинг финтех марказига айланиши кутилмоқда.  

Ш.Маматуропова,  

ЎзА