Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий банк: Ўзбекистонда иш ҳақи тез суръатда ўсди, бўш иш ўринлари кўпайди
14:15 / 2025-12-29

Ўзбекистонда 2025 йил январь–сентябрь ойларида меҳнат бозорида ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, ушбу даврда номинал иш ҳақи 19,2 фоизга, реал иш ҳақи эса 9,1 фоизга ошган. Бу жараёнда давлат ходимлари маошининг оширилиши ҳамда инфляция даражасининг пасайиши муҳим омил бўлган.

2025 йилнинг III чорагида (июль–сентябрь) мамлакатда бўш иш ўринлари сони 3,3 фоизга кўпайди. Энг кўп вакантлар савдо (17,9 фоиз), умумий овқатланиш (17,1 фоиз) ва ишлаб чиқариш (17 фоиз) соҳаларига тўғри келган.

Шу билан бирга, аҳолининг иш қидириш фаоллиги бироз пасайган бўлса-да, резюмелар сони юқори даражада сақланиб қолган. Айниқса савдо, хизмат кўрсатиш, уй хизматчилиги, маркетинг ва реклама соҳаларида иш изловчилар сони ортган. Сентябрь ойида онлайн иш қидириш фаоллигининг мавсумий ўсиши секинлашган.

Марказий банк сўровларига кўра, июль–август ойларида келгуси уч ойда иш ўринларини кўпайтиришни режалаётган тадбиркорлар улуши 33,9 фоизни ташкил этган (II чоракда — 30,2 фоиз). Сентябрь ойида эса мавсумий омиллар таъсирида ушбу кўрсаткич 30,8 фоизга тушган.

Шу билан бирга, иш ўринларини қисқартиришни режалаётган тадбиркорлар улуши ҳам ошган — 8,7 фоиздан 12,7 фоизгача. Айниқса савдо (25,6 фоиз) ва қурилиш (16,4 фоиз) соҳаларида бундай режалар кўпроқ қайд этилган.

Тўққиз ой якунига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6,2 миллион сўмни ташкил этган. Энг юқори маошлар молия ва суғурта (16,8 млн сўм), ахборот ва коммуникация хизматлари (15 млн сўм) соҳаларида сақланиб қолган.

Ижтимоий хизматлар, ташиш ва сақлаш соҳаларида иш ҳақи бошқа тармоқларга нисбатан тезроқ ўсган. Қурилиш соҳасида эса номинал иш ҳақи 9,2 фоизга ошган бўлса-да, реал ҳисобда 0,1 фоизга камайган.

Ҳудудлар кесимида реал иш ҳақининг энг юқори ўсиши Самарқанд (14,6 фоиз), Сирдарё (11,1 фоиз) ва Наманган (10,9 фоиз) вилоятларида кузатилган. Энг паст кўрсаткичлар Андижон (2,9 фоиз) ва Навоий (5,9 фоиз) вилоятларига тўғри келган.

Марказий банк таҳлилига кўра, иш ҳақи ўсишидаги ҳудудий тафовутлар иқтисодий фаоллик ва меҳнат бозоридаги талаб билан боғлиқ. Айни пайтда иш ҳақининг унумдорликдан тез ўсиши инфляцион босимни кучайтириши мумкин.

2025 йилнинг III чорагида меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга 5,7 миллиард доллар пул ўтказган. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 18,5 фоизга кўп. Марказий банк бу ўсишни меҳнат муҳожирларини қабул қилаётган давлатларда иш ҳақи ошгани, иқтисодий фаоллик юқори бўлгани ва валюта курсларининг нисбатан барқарорлиги билан изоҳлаган.

Марказий банк маълумотида Болтиқ давлатлари ва бошқа минтақалардан келган пул ўтказмалари 40 фоизга ошгани, Европа, Россия ва Осиё мамлакатларидан келаётган ўтказмаларда эса ўсиш суръати секинлашгани қайд этилган.

Ш.Маматуропова, ЎзА