Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил 1 декабрь ҳолатига банк тизимининг умумий кредит портфели 595,3 триллион сўмга етган. Шу билан бирга, муаммоли кредитлар (NPL) қолдиғи 20,5 триллион сўмни ташкил этиб, умумий портфелдаги улуши 3,45 фоиз даражасида қайд этилди.
Хусусан, ноябрь ойида банк тизимида сезиларли ижобий динамика кузатилди: умумий кредит портфели 2,5 триллион сўмга ошган, муаммоли кредитлар эса, аксинча, 1,8 триллион сўмга камайган. Бу ҳолат банклар томонидан қарздорликни қайта тузиш, муаммоли активлар билан ишлаш ва рискларни бошқариш чоралари самара бераётганидан далолат беради.
Кредит портфелининг ўсишига Халқ банки (+597 млрд сўм), Инфинбанк (+507 млрд сўм), Алоқа банк (+490 млрд сўм), Капиталбанк (+434 млрд сўм), Анорбанк (+397 млрд сўм) энг кўп ҳисса қўшган.

Муаммоли кредитлар камайишининг асосий қисми давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига тўғри келиб, ушбу тоифада NPL 1,3 триллион сўмга қисқарган. Қолган 570 миллиард сўм камайиш эса хусусий банклар ҳиссасига тўғри келади.
Қайд этилишича, NPL даражасининг 3,5 фоиздан паст сақланиши банк тизими барқарорлиги учун нисбатан мақбул кўрсаткич ҳисобланади. Ноябрь ойидаги натижалар эса 2025 йил якунида кредит портфели сифати янада яхшиланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА