Марказий банк давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш санасини эълон қилди
Қимматли қоғозлар бир миллион сўмлик номинал қийматида 6 ойлик, 1 йиллик ҳамда 3 йиллик муддатлар учун муомалага чиқарилади.
2018 йилнинг 26-28 декабрь кунлари Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда давлат қимматли қоғозлари билан операцияларни амалга ошириш амалиётини қайта йўлга қўяди. Қимматли қоғозлар бир миллион сўмлик номинал қийматида 6 ойлик, 1 йиллик ҳамда 3 йиллик муддатлар учун муомалага чиқарилади. Бу ҳақида Марказий банкнинг ахборот хизмати хабар берди.
Давлат қимматли қоғозлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасарруфида бўлган барча активлар билан таъминланган ва Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган тижорат банклари ва юридик шахслар ўртасида жойлаштирилади. Унинг фоиз тўловлари Молия вазирлиги томонидан, муомалага чиқариш шартларига мувофиқ, уларнинг тўлиқ амал қилиш муддатлари давомида амалга оширилади ва давлат қимматли қоғозлари бўйича фоизли даромадлар даромад солиғидан озод этилади.
Мазкур қимматли қоғозларнинг ликвидлиги уларнинг иккиламчи бозорда сотиш имконияти билан таъминланади. Бунда инвесторда пул маблағларига эҳтиёж вужудга келган ҳолатда, улар ўзларига тегишли давлат қимматли қоғозларини иккиламчи бозорда ҳеч қандай чеклов ва харажатларсиз сотиш имкониятига эга бўладилар. Ўз навбатида, Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда уларни иккиламчи бозорда доимий муомалада бўлишини қўллаб-қувватлаш орқали давлат қимматли қоғозларининг юқори ликвидлилигини таъминлайди яъни иккиламчи бозорда уларга талаб бўлмаган ҳолларда Марказий банк уларни сотиб олади.
Давлат қимматли қоғозларининг бирламчи жойлаштириш Молия вазирлиги топшириғи билан Марказий банк томонидан аукцион ўтказиш орқали амалга оширилади.
Хабарда қайд этилишича, давлат қимматли қоғозлари савдо якунлари тўғрисидаги маълумотлар Марказий банк ва Ўзбекистон Республикаси валюта биржасининг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади.