Марказий банк маълумотига кўра, муддатли тўлов бозоридаги 2 та ўйинчи 2 миллион мижозни қамраб олган. Жорий йил бошида уларнинг 777 минг нафари банк кредитлари ёки микроқарзларга ҳам эга бўлган. Энг асосийси, BNPL бозоридаги маълумотларнинг кредит тарихи бюросига тўлиқ етказилмаслиги ҳамюртларимизнинг қарз юкининг ошиб кетишига ва уларнинг молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келябти.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, банк ва микромолиявий ташкилотларнинг одатий кредитларига мурожаат қилмасдан, қисмларга бўлиб тўлаш имконини берувчи хизматлар BNPL-сервислар (инглиз тилидан buy now, pay later – ҳозир сотиб ол, пулини кейин тўла) деб аталади.
Бу сервислар харидорга маълум сумма лимитигача бўлган маҳсулотларни, умумий нархининг фақат бошланғич қисмини тўлаб, сотиб олиш учун қисқа муддатли кредит тақдим этувчи тўлов модели ҳисобланади. Тўловнинг қолган қисми эса бўлиб тўлаш учун йўналтирилади.
Ушбу тўлов усули танланганида, маҳсулот нархи бир қанча тенг қисмларга, одатда, 4 қисмга бўлинади. Харид вақтида сиз улардан фақат бир қисмининг тўловини амалга оширасиз. Қолганлари эса маълум муддат оралиғида, масалан, бир ойда бир марта, автоматик тарзда банк картангиздан ечиб олинади. Натижада, харидингиз тўловини 3 ой давомида тўлаш имконига эга бўласиз.
Шу билан бирга, савдогар ҳам ўз товари учун пулни тўлиқ кўринишда қабул қилади. BNPL-сервиси тўлиқ суммани харид вақтида ўтказиб беради. Харидор эса пулни дўконга эмас, шу хизматга тўлайди.
BNPL-сервис савдогардан ўз хизматлари учун комиссия тўлови олади. Шунга қарамай, харидор қисмларга бўлинган барча тўловларни ўз вақтида амалга оширса, товар нархидан ортиқча пул тўламайди.
Марказий банк режа қилаётган ислоҳотлар — BNPL бозорини янада шаффоф ва барқарор қилиш, истеъмолчилар ҳимоясини кучайтириш ҳамда қарз юкининг ортишини олдини олади. Хусусан, ишга тушириладиган шаффоф скоринг ва истеъмолчининг кредит тарихи ҳақидаги ишончли маълумотлар муддатли тўловлар бўйича барча ташкилотлар учун ягона қоидалар яратади. Бунда аввало, бозордаги ўйинчилар харидлар ва мижозлар тўғрисидаги маълумотларни Кредит тарихи бюросига узатади ва харидорнинг бўлиб тўлашга қурби етадими, кимдан ва қанча қарздор, даромади қандайлигини текширади.
Хуллас, бу билан одамларнинг қарзлари ошиб кетишининг олди олинади, шунингдек, бозорнинг шаффофлигини оширади. Экспертлар ҳам ташаббусни қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистон Финтех ассоциацияси ушбу сегментнинг тез суръатлар билан ўсиши шароитида мазкур ташаббусни зарур ва мантиқий деб ҳисоблайди.
Марказий банк тегишли қонун лойиҳаси муҳокамасини бошлаган ва яқин ойларда тегишли ташкилотчилар билан бозор қоидаларини ишлаб чиқади.
Ш.Маматуропова, ЎзА