Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бу саволга қуйидагича жавоб берди.
– Марказий банкнинг асосий ставкаси (олдинги қайта молиялаш ставкаси) ўзгартирилган тақдирда унинг жорий кредитларга таъсири шартномада белгиланган шартлар асосида бўлади. Хусусан, тижорат банклари ва мижозлар ўртасида ўзгармас фоиз ставкаларида тузилган шартномаларга Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришлари таъсир этмайди.
Банклар ва мижозлар ўртасида тузилган ўзгарувчан фоиз ставкали, хусусан, Марказий банк асосий ставкасига боғланган ҳолда тузилган фоиз ставкалари шартномаларга таъсири эса ушбу шартномада келишилган шартлар ёки кредит ажратиш бўйича тегишли Низом талабларига мувофиқ бўлади.
Жумладан, олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитини ажратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сонли “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитилари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори орқали тартибга солинади.
Ушбу қарор билан тасдиқланган низомнинг 22-бандига мувофиқ, таълим кредити тижорат банклари томонидан кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади. Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.
Энг муҳими, ноаниқлик шароитида ваҳима уйғотмаслик ва шошиб ўйламасдан қарорлар қабул қилмаслик керак. Тарих шуни кўрсатадики, ваҳима келтириб чиқарадиган иқтисодий йўқотишлар иқтисодий шокларнинг ўзидан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин, бу муҳим сабабдир.
Банкларимиз томонидан таклиф этилаётган миллий валютадаги омонатлар шартлари ва фоиз ставкалари жозибадор ҳисобланади. Мамлакатимизда инфляция даражаси, айирбошлаш курси динамикаси ва омонатлар бўйича фоиз ставкалари орасидаги ижобийликни ҳисобга олсак, маблағларни миллий валютада узоқ муддат сақлаш тўғри қарордир.
Ҳар қандай ҳолатда барча омонатчиларга маблағларнинг тўлиқ қайтарилиши давлат томонидан кафолатланади.
Бугунги кунда банкларда иккиламчи ипотека бериш вақтинчалик тўхтатилган. Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг маълум қилишича, иккиламчи кредит ажратиш айни кунда тўхтатилган ва қачон бошланиш санасини компаниянинг ўзи ҳам аниқ билмайди.
Айни пайтда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Молия вазирлиги ресурларини жалб этилиши назарда тутилмоқда. Компания томонидан тақдим этиладиган ресурс талаблари асосида иккиламчи бозордан уй-жойлар сотиб олиш учун 2021 йилда 1,9 триллион сўм ипотека кредитлари ажратилди, 2022 йил давомида 2 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, компаниянинг берган маълумотига кўра, 2022 йилнинг 1 чорагида тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари 42 миллион АҚШ доллари миқдорида қайта молиялаштирилади. Компания томонидан халқаро молия ташкилотларидан қўшимча маблағлар жалб этилиши бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда ва 2022 йилнинг иккинчи ярим йиллигида ўзлаштирилишини бошланиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА