Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий банк асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида қолдирди
16:17 / 2024-09-12

Марказий банк хабарига кўра, иқтисодиётдаги юқори талаб ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархида кузатилган ўсиш суръатлари пул-кредит шароитларининг қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Марказий банк инфляцияни йил якунига қадар прогноз кўрсаткичларигача пасайтириш ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик таргетга эришиш мақсадида асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар берди Марказий банк матбуот хизмати.  

Хабарга кўра, иқтисодиётдаги юқори талаб ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархида кузатилган ўсиш суръатлари пул-кредит шароитларининг қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Қайд этилишича, юқори иқтисодий фаоллик ва аҳоли даромадларининг барқарор ўсиб бораётгани ялпи талабни оширувчи асосий омиллардан бўлмоқда.

Инфляцияни йил якунида прогноз кўрсаткичларига қадар ва ўрта муддатли даврда 5 фоизлик таргет даражасигача пасайтириш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 13,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Умумий инфляция сўнгги 3 ойда сезиларли ўзгаришсиз сақланиб, августда йиллик 10,5 фоизга тенг бўлди. Жорий йилда мева-сабзавотлар нархи пасайиши инфляцияга қарийб 1 фоиз банди пасайтирувчи таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, йил бошидан пасайиш тенденциясига эга бўлган базавий инфляция июнь ойидан кейин йиллик ҳисобда пасайишдан тўхтади.

Январь-июль ойларида иқтисодиётда юқори ишлаб чиқариш фаоллиги кузатилиб, ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут қисқариб бормоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари ва хизматлар соҳасида реал ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори бўлди.

Иқтисодий фаолликдаги ижобий тенденциялар савдо ва пуллик хизматлар, экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошишида ҳам кузатилди.

Банк тизими умумий ликвидлигининг ошиши ҳамда асосий ставканинг июль ойидаги пасайтирилиши таъсирида пул бозорида фоиз ставкаларининг маълум даражада пасайиши кузатилди. Бу, ўз навбатида, давлат қимматли қоғозлари бозорига ҳам таъсир кўрсатиб, улар бўйича даромадлилик даражасининг пасайишида акс этди.

Келгусида ҳам иқтисодиётдаги юқори инвестицион ва истеъмол фаоллиги ялпи талабни қўллаб-қувватлашда давом этади. Давлат бюджети харажатлари ва тўғридан-тўғри инвестицияларнинг фаоллашуви инвестицион талабни таъминласа, хориждан пул ўтказмалари ҳажмининг юқорилиги аҳолининг реал даромадларига ижобий таъсир кўрсатиб, истеъмол талаби динамикасида намоён бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, сентябрь-октябрь ойларида пенсиялар ва бюджет ташкилотларида иш ҳақларининг оширилиши ҳам келгуси чоракларда истеъмол талабини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Алмашув курси динамикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарор шаклланаётгани аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июль ойида кутилмалар 11-12 фоизгача пасайган бўлса, август ойида пенсия ва давлат секторида иш ҳақларининг кутилаётган ошиши ва ёқилғи ресурсларининг қимматлашиши таъсирида 12-13 фоизни ташкил қилди.

Ташқи савдо балансининг яхшиланиши ва пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ошиши натижасида жорий операциялар ҳисобварағи тақчиллигининг ҳам қисқариб бориши кутилмоқда. Бу эса, алмашув курсига эҳтимолий фундаментал босимларнинг камайиши ва жорий барқарор динамиканинг давом этишига хизмат қилади.

Инфляцияни йил якунига қадар белгиланган прогноз даражасигача пасайтириш асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Пул-кредит шароитларининг жорий қатъий даражасининг сақланиши иқтисодиётда юқори жамғариш фаоллиги ва миллий валютадаги депозитлар жозибадорлигига ижобий таъсир кўрсатиб, ялпи талабнинг мувозанатлашувига ва инфляциянинг пасаювчи динамикасини таъминлашга ёрдам бериши кутилмоқда.

Ўрта муддатли истиқболда Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган қатъий пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этади. Бунда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги ҳамда инфляцион омиллардан келиб чиқиб қарорлар қабул қилинади.

Ш.Маматуропова,

ЎзА