Марказий банк бошқаруви 2026 йил 28 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори даражада шаклланди, бу жараёнда барқарор ялпи талаб омиллари устувор бўлди. Инфляция пасайиш динамикасини сақлаб қолиб, товарлар нархлари ўсишининг секинлашиши кенг қамровли тус олмоқда.
Шу билан бирга, талаб омиллари таъсирида хизматлар инфляциясининг нисбатан юқори даражада сақланиб қолиши, шунингдек, айрим озиқ-овқат товарлари нархларининг ўсиши умумий инфляциянинг барқарор пасайишига муайян хатарлар туғдирмоқда. Ушбу шароитда пул-кредит сиёсатининг жорий қатъий даражада сақлаб қолиниши инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида шаклланишини таъминлайди.
2025 йил декабрь ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3 фоизгача пасайди. Инфляциянинг секинлашишига қатъий пул-кредит шароитлари, сўмнинг мустаҳкамланиши ҳамда импорт нархлари таъсирида базавий инфляциянинг пасайиши ҳисса қўшди. Хусусан, декабрь ойида базавий инфляция йиллик ҳисобда 5,7 фоизгача тушди.
Хизматлар инфляцияси маълум даражада секинлашган бўлса-да, талаб омиллари таъсирида умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, инфляцион кутилмалар пасайиш тенденциясини тўхтатиб, декабрь ойида бироз ўсгани қайд этилди.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунида инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Юқори инвестицион фаоллик, фискал харажатлар ҳамда пул ўтказмаларининг ортиб бориши 2026 йилда ҳам аҳоли даромадлари ўсиши ва истеъмол талабини қўллаб-қувватловчи омил бўлади. Шу билан бирга, айрим асосий озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хатарлар ва қиш мавсумида таъминотдаги узилишлар келгуси ойларда нархларга оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин.
Ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликлар сақланиб қолаётганига қарамасдан, уларнинг умумий таъсири нисбатан мўътадил бўлиши кутилмоқда. Асосий савдо ҳамкор мамлакатларда инфляция пасайиш трендига ўтди, жаҳон иқтисодиётида эса ўсиш суръатлари кутилганидан юқори шаклланди.
Ички валюта бозорида экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари ҳисобига хорижий валюта таклифининг ошиши 2025 йилда сўмнинг 6,9 фоизга мустаҳкамланишига хизмат қилди. Бу импорт инфляцияси босимини камайтириш, долларлашув даражасини пасайтириш ва ташқи қарзга хизмат қилиш харажатларини қисқартиришга ёрдам берди.
Банк тизимида ликвидлик профицитининг сақланиб қолиши фонида пул бозори ставкалари асосий ставка атрофида — 13,5–13,8 фоиз даражада шаклланмоқда. Ижобий реал фоиз ставкалари миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантириб, пул-кредит шароитларини қатъийлаштирувчи омил бўлиб қолмоқда.
Бир сўз билан айтганда, юқори ялпи талаб омиллари, жумладан, фискал рағбатлантириш ва чакана кредитлаш суръатлари юқори бўлган шароитда асосий ставкани жорий қатъий даражада сақлаб қолиш инфляцион хатарларни жиловлашга хизмат қилади.
Марказий банк келгусида ҳам инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар, ялпи талаб ва ташқи хатарларни диққат билан кузатиб боради. Пул-кредит сиёсати ўрта муддатда инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражага тушириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА