Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий банк асосий ставкани 14 фоизда қолдириши нимани англатади?
18:56 / 2025-10-24

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 24 октябрь куни ўтказилган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгартирмасдан сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу қарор мамлакатда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцияни назорат қилиш мақсадида қабул қилинди.

Расмий маълумотларга қараганда, 2025 йил сентябрь ойида йиллик инфлация 8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 0,8 фоиз бандга пасайди. Яъни, товарлар ва хизматлар нархи ўтган йилларга қараганда секинроқ ошмоқда. Бунда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳи инфляцияси йиллик 6,1 фоизгача секинлашиб, пасайтирувчи ҳисса қўшди.

Бироқ, хизматлар секторида, айниқса, тартибга солинмайдиган нархлар (яъни, бозор томонидан белгиланадиган нархлар) бўйича ўсиш суръати ҳали ҳам юқори. Бу соҳада талабнинг кучлилиги инфляцияни нисбатан юқори даражада сақлаб қолмоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги ойлар давомида сўмнинг алмашув курси мустаҳкамланиши импорт маҳсулотлари нархининг ошишини чеклади. 

[gallery-25909]

Натижада импорт инфляцияси, яъни четдан келадиган товарларнинг нархи ошиши ҳисобига пайдо бўладиган инфляция секинлашди. Бу, ўз навбатида, ички бозорда ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлашувига ёрдам берди.

Сўнгги ойларда истеъмол саватида нархлар ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашган товар ва хизматларнинг улуши ошиб бормоқда ҳамда нархлар барқарорлашуви кенг қамровли хусусиятга эга бўла бошлаганини кўрсатмоқда. 

Сентябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этди, бироқ улар жорий ва прогноз инфляция суръатларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда. 

Яқин ойлар ичида энергия нархларини эркинлаштириш яъни, давлат томонидан қатъий белгилаб қўйилган тарифларни босқичма-босқич бозорга мослаштириш жараёни инфляцияга маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, энергия нархлари эркинлаштирилишининг келгуси ойларда инфляцияга иккиламчи таъсирлари намоён бўлиши ҳамда айрим товарлар таклифи билан боғлиқ хатарлар юзага келиш эҳтимоллари сақланиб қолмоқда. Ушбу шароитда инфляциянинг пасаювчи динамикаси барқарор давом этишини таъминлаш пул-кредит шароитларини жорий нисбатан қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда. 

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари иқтисодиётда кредитлаш суръатларини мақбуллаштириш ва пул бозорида ресурслар нархларини мутаносиб шакллантириш орқали ялпи талабни мувозанатлаштиришга хизмат қилади ҳамда инфляцияга монетар омилларнинг таъсирини камайтиради. 

Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз йиллик 14 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Марказий банк томонидан ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетгача пасайишига эришиш мақсадида пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлиги таъминланади.

Дилдора ДЎСМАТОВА ЎзА