Марказий банк бошқаруви йиғилиши ўтказилди. Унда асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Иқтисодиётда инфляция даражаси ўзининг юқори нуқтасига чиқиб, пасайиш тенденциясига ўтганлиги кузатила бошлади. Айни пайтда, қатъий ташқи молиявий шароитларнинг ички иқтисодий фаолликка салбий таъсири бўйича сигналлар пайдо бўлмоқда.
Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради. Бунда, йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5-9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлайди.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида йиллик инфляция кўрсаткичи 12,2 фоизгача бироз пасайди ва келгуси чоракда сезиларли пасайиши бўйича ишонч ортиб бормоқда. Кузатувларга кўра, истеъмол бозорларида март ойининг дастлабки икки ҳафтасида асосий озиқ-овқат нархлари нисбатан мувозанатлашиб, январь ойидаги ўсишдан кейин пасайиш динамикага ўтгани кузатилмоқда.
Февралдаги сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмаларнинг январь натижаларига нисбатан сезиларли даражада пасайгани кузатилди, бу эса базавий инфляция динамикаси билан биргаликда, келгуси ойларда нархларнинг барқарорлашиши учун шароитларни яратади.
Ташқи иқтисодий шароитларда маълум даражадаги хатарлар ва ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Февраль ойида глобал инфляция, асосан, энергетика ва озиқ-овқат секторидаги нархларнинг пасайиши таъсирида секинлашишда давом этди.
Етакчи марказий банкларнинг инфляцияни пасайтириш бўйича қатъий позициялари халқаро банк соҳасида кузатилаётган вазиятлар фонида хавфсиз активларга бўлган талабнинг ошиши, молия ва хомашё бозорларидаги тебранувчанликни оширмоқда.
Халқаро молия бозорларидаги қатъий шароитлар ва айрим савдо ҳамкорлардаги валюта курсларининг қадрсизланиши ички иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда ташқи ресурсларни қайта жалб қилишни қийинлаштираётган бўлса, иккинчи томондан, валюта оқимларидаги номутаносибликларни кенгайтириб бормоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь-февраль ойларида ички иқтисодий шароитларда қисқа муддатли хатарлар таъсири қисман намоён бўлди. Январь ойи якуни бўйича чакана савдо, саноат ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари ўсиш суръатларида секинлашиш кузатилди.
Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашгани билан, ушбу соҳадаги ўсиш суръатлари бошқа соҳалардан юқори бўлмоқда. Хатарларнинг вақтинчалик хусусияти ва ўз вақтида кўрилган чораларни ҳисобга олганда, биринчи ярим йиллик якунига бориб иқтисодий фаолликнинг мувозанатлашуви ва тармоқ кўрсаткичларининг тикланиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки ойларида монетар шароитлар индекси реал самарали алмашув курси ва реал фоиз ставкалар динамикаси ҳисобига нисбатан қатъий фазада шаклланди.
Марказий банк пул-кредит шароитларининг иқтисодиётдаги ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирини баҳолашда давом этади.
Қайд этилишича, келгуси ҳаракатлар инфляция даражаси прогноз коридори доирасида шаклланишига, ўрта муддатли мақсадли кўрсаткичга эришишга ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА