Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
09:51 / 2025-12-12

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг навбатдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш бўйича қарор қабул қилинди.

Қарор мамлакатда инфляция босимларининг босқичма-босқич пасайиб бориши ва ўрта муддатда барқарор паст инфляция траекториясини таъминлашга қаратилган.

Қайд этилишича, ноябрь ойида инфляциянинг пасайиш суръатлари давом этиб, йиллик кўрсаткич 7,5 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичга асосан қатъий пул-кредит шароитлари, миллий валюта курсининг мустаҳкамланиши ва базавий инфляциянинг секинлашиши ҳисса қўшди. Хусусан, базавий инфляция йиллик ҳисобда 6,3 фоизгача пасайди.

Импорт нархлари динамикасининг барқарорлашуви эса ноозиқ-овқат товарлари инфляциясининг пастлашига хизмат қилди.

Шу билан бирга, хизматлар соҳасидаги инфляция маълум даражада секинлашганига қарамай, талаб омиллари туфайли умумий инфляция даражасидан юқори бўлиб қолмоқда.

Ноябрь ойида аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмалари ҳам пасайишда давом этди. Марказий банкнинг янгиланган баҳоларига кўра, 2025 йил якунида инфляция 7,3 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Миллий валюта курсининг кутилганидан ҳам юқорироқ даражада мустаҳкамланиши инфляция прогнозини пасайиш томон қайта кўриб чиқишга олиб келди.

2026 йил якунига келиб инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилаяпти. Иқтисодиётдаги фаоллик юқори даражада сақланмоқда. Меҳнат бозоридаги талабнинг ўсиши, савдо ва хизматлар тушумларининг кўпайиши, банклараро транзакциялар ҳажми ортиши — бу тенденцияларни тасдиқламоқда. Йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш 7–7,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Бироқ таклиф омиллари бўйича хатарлар сақланиб қолмоқда. Жумладан, айрим асосий озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хавфлар, сўнгги ойларда транспорт хизматлари нархининг кўтарилиши, тартибга солинадиган нархларнинг индексацияси оқибатидаги иккиламчи таъсирлар шулар жумласидан.

Жаҳон иқтисодиёти глобал молиявий шароитлар юмшаши ва фискал рағбатлантиришлар фондида кутилганидан юқори суръатларда ўсмоқда. Хомашё бозорларидаги юқори нархлар эса мамлакатимиз экспорт тушумларини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Қулай ташқи шароитлар таъсирида реал самарали алмашув курси узоқ муддатли мувозанатли даражасига яқинлашмоқда.

Ички бозорда номинал фоиз ставкаларининг барқарорлиги, инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиши реал фоиз ставкаларининг юқорилигини таъминлаб, миллий валютада жамғармаларнинг ўсишига хизмат қилмоқда. Бу эса муддатли депозитлар ҳажмининг тез ўсишида акс этмоқда.

Шу билан бирга, молиявий инклюзивлик ортиши туфайли чакана кредитлашнинг юқори суръатлари истеъмол фаоллигини ошириб, инфляция босимларини кучайтириши мумкин.

Шу сабабли Марказий банк инфляцияни барқарор пасайтириш мақсадида асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолишни мақсадга мувофиқ деб топди.

Марказий банк инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга етказиш учун пул-кредит шароитлари қатъийлигини сақлаб боради.  

Ш.Маматуропова,

ЎзА