Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари расмий веб-сайтларида ахборотларни ошкор этиш ҳолатини текшириш натижасида 18 та банкка жами 1 миллиард 836 миллион сўм жарима қўллади.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида Марказий банк томонидан тижорат банкларининг веб-сайтлари мониторинг қилинган. Текширувлар давомида қатор камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, айрим банклар “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига амал қилмагани, яъни веб-сайтларида маълумотларни давлат тилида жойлаштирмагани маълум бўлди. Шунингдек, баъзи банклар кредит таъминотига қабул қилинган гаров мулкларини қарз қолдиғига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан чиқариш тартибини ҳам эълон қилмаган.
Бу каби ҳолатлар Агробанк, Анор банк, Ҳаёт банк, Универсал банк, Гарант банк, Асакабанк, Туронбанк, Инфинбанк, Микрокредитбанк, Трастбанк, Мадад Инвест банк, Содерот банк, Ориент Финанс банк, Ипотека-банк, Тенге банк, Зираат банк Узбекистан, АВО банк ва Опен банк сайтларида кузатилган.
Марказий банк ҳар бир қоидабузар банкка 102 миллион сўмдан жарима солди. Шу билан бирга, барча банкларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда веб-сайтлардаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича кўрсатмалар юборилди.
Марказий банк барча тижорат банкларига истеъмолчиларга ахборот ошкор этишда давлат тилига оид қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, веб-сайтлардаги маълумотларнинг тўлиқлиги, долзарблиги ва ишончлилигини таъминлаш лозимлигини қатъий талаб қилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА