Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан тижорат банкларининг жойлардаги филиалларида назорат тадбирлари ўтказилди.
Ўтган ойда Қўмитанинг 9 та йиғилиши ўтказилди ва уларда 31 та масала кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 19 та, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, нобанк кредит ташкилотларига лицензия бериш, рўйхатга олиш ва лицензияларни чақириб олиш, аудиторга малака сертификатини бериш ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш каби масалалар ўрин олди.
Хабарда қайд этилишича, жорий йилнинг октябрь ойида тўлов ташкилотлари ва банклар фаолиятининг қонунчилик талабларига мослиги, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларга ҳамда пруденциал меъёрларга риоя этилиши, шунингдек, уларда ўтказилган текширув натижаларида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар муҳокама қилинди.
Унга кўра, Марказий банк кўрсатмаларига амал қилмаганлиги ва юклатилган вазифалар ижросини таъминламаганлиги сабабли 1 та тижорат банкига айрим операцияларни амалга оширишга чеклов ўрнатилди. 1 та тўлов ташкилотининг лицензиясини амал қилиш муддати 10 иш кунига тўхтатилди. 5 та тижорат банки ва 1 та микромолия ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликлар учун чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Тижорат банкларининг жойлардаги филиалларида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида аниқланган қоидабузарликлар бўйича 16 та банкка нисбатан жарима чораси қўлланилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА