Марказий банк матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг июнь ойида Марказий банк 11 та банкка нисбатан жарима санкциясини қўллади.
Банк назорати қўмитаси томонидан ўтган ойдаги йиғилишларда 42 та масала кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан, ўтган ойда рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 28 та масала кўриб чиқилди.
Шундан 5 таси кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, 2 таси микромолия ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш ҳамда 9 таси микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни қайта расмийлаштириш кабилар борасида бўлган.
Бундан ташқари, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 14 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган текширишлар натижалари ҳам муҳокама қилинди.
Марказий банк томонидан 11 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ва 1 та ломбардга нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.
Бунга ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талабларига риоя қилинмаганлиги, тақдим этилган маълумотларда ноаниқликларга йўл қўйилганлиги ҳамда текшириш натижаларида аниқланган қоидабузарликлар сабаб бўлган.
Аниқланган камчиликларни тузатиш, тегишли чоралар кўриш, пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга амал қилиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА