Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказга энг яқин, лекин эътибордан четда қолган қишлоқ
20:52 / 2020-02-06

Мана шундай манзаралар акс этган қишлоқ – Қорақалпоғистон Республикасининг маркази Нукус шаҳридан атиги 8 километр узоқликда жойлашган.


...Қишлоққа тоза ичимлик суви тортилмаган, аҳоли канал сувидан истеъмол қилади, ўқувчилар 4-5 километр узоқликдаги мактабга пиёда қатнайди, табиий газ йўқ, кўчаларда ёғингарчилик пайтида транспорт бу ёқда турсин, одамларнинг юриши мушкул бўлиб қолади.

Мана шундай манзаралар акс этган қишлоқ – Қорақалпоғистон Республикасининг маркази Нукус шаҳридан атиги 8 километр узоқликда жойлашган.

Қишлоқ аҳолисининг мурожаати билан қишлоққа кириб келар эканмиз, эски уйлар, томорқаларда бетартиб ўсиб кетган ёввойи ўсимликлар, асфальт ётқизилмаган тор кўчалар, қишлоқ ёнидан оқиб ўтувчи “Қуаниш жарма” каналидан сув ташиб келаётган кишилар эътиборимизни тортди.

photo5258472226389339352.jpg

Биз келишимиз билан қишлоқ аҳолиси тўпланиб қолди ва улар муаммоларини бирин-кетин айта бошлади. Асосий муаммолари кўча йўлларини текислаш, тоза ичимлик сувини тортиш, газ баллонларни қишлоққача етказиб беришдан иборат.

Кегейли тумани “Жузимбоғ“ овул фуқаролар йиғинига қарашли “Жети толе” аҳоли пунктидаги “Дача” қишлоғи деб расмий номланувчи ҳудуд бир вақтлар ўзига хос дам олиш маскани бўлганлиги кўзга ташланади.

– Қишлоғимизга ҳеч бир раҳбар келиб аҳволимиздан хабар олмайди, – дейди нуронийлардан бири Қашқинбай Авезов. – Қишлоғимизда на мактаб, на болалар боғчаси, на дўкон бор. Битта нон сотиб олиш учун 8 километрга, яъни Нукусга 2 минг сўмга транспортда бориб келамиз. Болаларимиз 4-5 километр олисдаги мактабларга пиёда қатнайди ёки йўлга чиқиб ўтаётган машиналарга илтимос қилади. Мактабларга қатнайдиган махсус транспорт йўқ. Қишлоқда газ йўқ бўлгани боис суюлтирилган газ ва кўмирдан фойдаланишимиз белгиланган. Газ баллонларни бир вақтлари уйларгача олиб келар эди. Ҳозир эса йўқ. 15 километр наридаги Халқабод шаҳрига бориб ўзларимиз такси ёллаб олиб келяпмиз. Битта таксига 5-6 та газ баллонни ортамиз. Худо кўрсатмасин, мабодо у портлаб кетса нима бўлади? Яна бир муаммо – кўмир. Кўмирни Чимбой шаҳридан олиб келишимиз керак. Шунча жойга бориб олиб келсак, транспортнинг ўзи қанча пул бўлади...?

photo5258472226389339358.jpg

1987 йилда бу ердан 40 гектар ер майдони боғдорчиликни ташкил қилиш учун ташкилотларда ишлайдиган фуқароларга берилган. Уни олганлар боғдорчиликни ривожлантириш, бу ерларда дам олиш масканларини ташкил этиши кўзда тутилган. Тартиб бўйича бу ерга каналнинг сувини келтириш, муҳофаза қилиш зонасида қурилиш ишларини олиб бориш ман этилган. Лекин шу пайтларда назорат йўқ бўлганлиги боис бу ерга фуқаролар ўзбошимчалик билан бинолар қуриб юборган.

Ҳудудда ҳозирда 97 дона дала ҳовли бинолари қурилган. 16 та хўжаликда 54 нафар киши доимий яшаш учун паспорт бўйича ҳисобга қўйилган, лекин 37 хўжаликда 67 нафар киши ҳисобда турмайди.

– Биз дарёнинг сувини тиндириб ичиб ўтирибмиз, – дейди қишлоқда истиқомат қилувчи Пўлат Аметов. – Уйларимизнинг олдида водопровод бор, лекин у жойдан суғоришга, қозон-товоқ ювишга фойдаланамиз. Ёғингарчилик кунлари кўчалардан юра олмай қоламиз. “Тез ёрдам” машинаси кира олмайди. Яқинда ўзимизнинг ҳисобимиздан йўлларга қум тўктирдик.

photo5258472226389339362.jpg

“Жузим боғ” овул фуқаролар йиғини раисининг маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги тегишли қарори асосида ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини бериш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 32 та хўжалик турар жойи ҳужжатлаштирилган. Аксарият уйларда шаҳарда истиқомат қилувчилар дам олиш кунлари келиб-кетади.

“Жети толе” аҳоли пункти дам олиш ўрни бўлганлиги туфайли ҳамда доимий яшашга мўлжалланмаганлиги учун ички йўлларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари режага киритилмаган, табиий газ ва сув билан таъминлаш назарда тутилмаган, дейилади туман ҳокимлигининг мазкур масала бўйича жавоб хатида.

photo5258329259812957891.jpg

Қишлоқда яқинда уйи ёниб кетган фуқаро билан учрашдик. Уй эгаси Қуанишбай Аташовнинг таъкидлашича, ёнғин содир бўлган куни боласи билан бирга уйда бўлган. Фақат боласини олиб чиқишга улгурган. Бошқа ҳамма нарсалари кулга айланган. Қишлоқ аҳолиси унга тез кунда янги уй қуриб берган, лекин давлатдан бирор ёрдам бўлмаган. Ҳозирда у ёш боласи учун ҳам ёрдам пулини ола олмай қийналиб келаётганини айтиб, биздан умидвор бўлиб қайта-қайта ўтинди. Ва биз ҳокимликка хат билан чиқдик. Ҳокимлик эса тегишли ҳужжатларини топширмаганлиги учун пул тўланмаслигини маълум қилган.

Айни пайтда марказга энг яқин қишлоқ аҳолиси газсиз, сувсиз, муносиб шарт-шароитсиз яшаб келмоқда. Тегишли мутасаддиларнинг эса тайинли жавоби йўқ. Авваллари дала ҳовли саналиб келган жойда одамлар ҳозир доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган. Улар яхши яшашга ҳақли. Фақат давлат органлари масалага бефарқ бўлмаса бўлгани. Ахир, 200 километр олисдаги Мўйноқни янги шаҳарга, 500 километр наридаги Қорақалпоғистон қишлоғини ҳам обод қишлоққа айлантирди-ку, наҳотки Нукус шаҳрига энг яқин қишлоқ эътибордан четда қолса…

photo5258329259812957888.jpg