Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказда ўзбек тили мажбуран ўргатилмайди
13:34 / 2021-05-12

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида 70 га яқин мутахассис ишлайди.

Марказ Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан мамлакатимизда ўзбек тили нуфузини янада ошириш мақсадида ташкил этилган. Муассасанинг республикамизнинг 13 ҳудудида филиаллари ташкил этилган бўлиб, ходимлар марказдан назорат қилинади, марказ тасдиғи билан танланади.

– Марказимизда таълим тури икки хил шакл: масофавий ва анъанавий тарзда амалга оширилади, – дейди марказ матбуот хизмати раҳбари Умида Файзуллаева. – Тингловчилар уч ой давомидаги ўқув курсида таҳсил олишади. Ўқув жараёнлари якунида уч босқичли имтиҳон: иншо, оғзаки савол-жавоб, тест топширади. Тингловчилардан ўзбек тилида равон гапириш талаб этилади. Имтиҳонлар якунида улар юз баллик мезонда баҳоланади. Эллик бешдан юқори балл тўплаган тингловчилар ўзбек тилини билиш тўғрисидаги махсус сертификат билан тақдирланади.

Айни вақтда марказда бошқа миллат вакиллари, ўзбек тилини ўрганувчи 80 нафарга яқин тингловчи таҳсил олмоқда. Масофавий таълим олувчилар ҳам бўлиб, улар тил билиш кўникма ва даражаларига қараб алоҳида гуруҳларга ажратилган. Шунингдек, марказ директори Иномжон Азизов бошчилигида лотин ёзувли ўзбек алифбосининг ўзгаришлар хронологияси ва алифбони жамоатчиликка тез ва осон сингдириш борасида ишлар олиб борилмоқда. Мақсад, ўзбек тилини мажбурий эмас, тингловчиларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўргатишдир.

Марказда лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзуви, ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича малака ошириш курслари ташкил этилган. Ўқув жараёнлари икки хил тартибда амалга оширилади. Дарслар давлат ташкилоти ходимлари учун ва кенг аҳоли қатлами учун мўлжалланган. Бошқа миллат вакиллари ва ўзбек тилини ўрганувчилар учун «Ўзбек тили», чет элликлар учун «Қизиқарли ўзбек тили» курслари фаолияти йўлга қўйилган. «Ўзбек тили ва адабиёти», «Ўзга тиллиларга ўзбек тили» йўналишларида қайта тайёрлов курслари фаолият юритади.

Марказда савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига давлат тилида ном бериш хизмати ҳам фаолият юритмоқда.

 

Д.Маматова, ЎзА