French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказда 6 минг 800 нафар хотин-қиз тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилди
14:34 / 2025-12-25

Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг, хусусан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш, бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш орқали уларнинг даромадларини ошириш, турмуш фаровонлиги ва яшаш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишларни амалга оширишда хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари томонидан ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Буни Андижон вилояти хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Марказимизнинг асосий фаолияти хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича ўқитиш, қайта тайёрлаш ва ишга жойлашишига кўмаклашишдан иборат, – дейди Андижон вилояти хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Муқаддасхон Каримова. – Бу борадаги ишлар вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда режа асосида олиб борилмоқда.

Марказда хотин-қизлар асосан уй меҳмонхона, уй боғча, гўзаллик салони,  иссиқхона ташкил этиш, боғдорчилик, чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик, тикувчилик, пазандалик, қандолатчилик ва компьютер саводхонлиги йўналишлари бўйича 60 соатлик махсус ўқув курсларига жалб этилган ҳолда тадбиркорликка йўналтирилмоқда, касбга ўқитилмоқда.

Марказда курс машғулотларини ўтказиш учун зарур барча шароит яратилган. Малакали, тажрибали мутахассислар жалб этилган. Машғулотларни якунлаган аёлларга марказ томонидан махсус сертификат берилиб, имтиёзли кредит олиш учун банкларга йўналтирилади. Туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқларининг тавсияномасига асосан банклар томонидан уларга кредитлар ажратилади. 

Марказ томонидан жорий 2025 йил давомида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган, тадбиркорлик қилиш ёки касб-ҳунар ўрганиш истагидаги 6 минг 800 нафар хотин-қиз ўқитилди. 

– Мен “Аёллар дафтари”да турар эдим, – дейди Андижон шаҳри Хўтанариқ маҳалласида яшовчи Насибахон Назирова. – Чеварлик ҳунарим бўлса-да, бирор жойга ишга киролмай анча қийналдим. Маҳалла хотин-қизлар фаоли тавсияси билан марказга келиб таҳсил олдим. Чеварлик бўйича билим ва малакамни оширдим, тадбиркорлик кўникмаларини ўргандим. 

Шундан сўнг субсидия асосида бир нечта тикув машинаси олиб, ўз тадбиркорлигимни бошладим. Болалар, аёллар либосларини тикишни йўлга қўйдим. Ўндан ортиқ шогирдлар олдим. Ишларим юришиб, қисқа вақтда тадбиркорга айландим. 

Вилоят миқёсида 30 дан ортиқ жойларда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди. Ўқиб тадбиркорликни йўлга қўйган аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сотувини йўлга қўйиш бўйича режалар тузилди. Бир қатор маҳсулотларни нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда, хусусан, қўшни Қирғизистон Республикасига олиб чиқиш масаласи ҳал этилди. Бу борадаги ишларни самарали ва белгиланган тартиблар доирасида амалга ошириш учун тадбиркор аёлларнинг вилоят божхона бошқармаси ходимлари билан учрашувлари ўтказиб борилмоқда. 

Учрашувларда ҳунарманд ва тадбиркор аёллар маҳсулотни экспорт қилиш бўйича зарур билим ҳамда кўникмалар олмоқда. Бундан ташқари, ўрта мактабни тамомлаб, олий ўқув юртларига ўқишга киролмаган ёки ишга жойлаша олмаган қизлар “Маърифатли қизнинг қадами қутлуғ келур” деб номланган ўқув семинарларига, шунингдек, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишини танлаган қизлар қисқа муддатли ўқув курсларига жалб этилди. 

Марказдаги йўналишлар бўйича ўқув курсларида опа-сингилларимизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, қатор касб-ҳунарларни ўрганиш бўйича зарур билимлар, кўникмалар берилди. Шунингдек, вилоят марказига келиш имконияти йўқ, туманларда, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган, тадбиркорлик қилиш истаги бўлган ёки иқтисодий оғир вазиятга тушиб қолган аёлларнинг яшаш жойларига марказ тренерлари ўзлари бориб, машғулотлар ўтказилиши ҳам йўлга қўйилган.

Курсларни тамомлаб, сертификат олган аёллар лидер ва тажрибали тадбиркорларга бириктирилди.

– Мен тадбиркорман, шу билан бирга, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида тренер бўлиб иш олиб бораман, – дейди Избоскан туманида иш юритувчи тажрибали тадбиркор Иродахон Абдураззоқова. – Марказда таҳсил олиб, сертификат олган кўплаб избосканлик хотин-қизлар менинг тикувчилик корхонамга келиб иш ўрганади, тажриба орттиради. Уларга имкон қадар ёрдамлашаман, тадбиркорлик сирларини ўргатаман. Ҳозиргача мендан иш ўрганган юзлаб ёшлар мустақил равишда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган. Бу билан улар нафақат оиласи бюджетига даромад келтирмоқда, балки ҳунар ўрганмоқчи бўлган ёшларга ҳунар ўргатмоқда, янги иш ўринлари яратиб камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшмоқда. 

Биламизки, Андижон вилоятида ҳунармандчилик соҳаси кенг ривожланган. Марказ ходимларининг саъй-ҳаракати билан норасмий фаолият юритаётган 201 нафар ҳунарманд аёл рўйхатга олинди. Уларга “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиш орқали солиқлар ва бошқа турдаги имтиёзлардан фойдаланиш, кредитлар олиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Марказ ташаббуси билан жорий йилда “Маърифатли қизнинг қадами қутлуғ келур” акцияси, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган хотин-қизлар ўртасида “Энг яхши стартап лойиҳа” танлови ўтказилди. 

Айтиш жоизки, бугунги кунда Андижон вилояти хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил ва тизимли равишда амалга оширилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш орқали барқарор даромад манбаларини яратиш ҳамда оилалар фаровонлигини юксалтиришга кўмаклашишдан иборат.

Фахриддин Убайдуллаев,

 Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.