Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказ – ишсизлик ва камбағалликдан холи, обод, фаровон маҳаллага айланади
10:22 / 2025-10-31

Мамлакатимизда маҳаллаларни янада обод, кўркам ва фаровон гўшага айлантиришга қаратилган “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларидан 30 та маҳалла “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудуд” сифатида танлаб олинди.

Президентимизнинг жорий йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эндиликда бу гўшаларда инфратузилмани яхшилаш орқали тадбиркорлик ривожлантирилади. Юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва замонавий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилиб, қишлоқ маҳаллаларига шаҳар муҳити ва яшаш шароитлари олиб кирилади. 

Вилоятнинг Ангор туманидаги Марказ маҳалласи ҳам “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудуд” сифатида ободонлаштирилиб, қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури асосида аҳоли учун қулай шароит яратиб, инфратузилмани янгилаш, замонавий муҳитни шакллантириш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. 

Айни пайтда 515 та хонадондан иборат осуда гўшадаги 850 та оилада уч минг 348 киши истиқомат қилади. Ҳудудда 35 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олинган. 16 оила “Камбағаллик реестри”да, 81 оила “Ижтимоий реестр”да қайд этилган.

Маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи намунали ҳудудга айлантириш учун тадбиркорлик янада ривожлантирилиб, турли хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Кўча ва йўллар тартибга келтирилиб, таъмирланади. Коммунал хизматлар сифати оширилиб, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонлар замонавий қиёфада бўй кўрсатади. Болалар ва спорт майдончалари, яшил хиёбон, пиёдалар йўлаги барпо этилади. Ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишга мўлжалланган тадбиркорлик лойиҳалари ишга туширилиб, аҳоли бандлиги таъминланади. Томорқаларга юқори даромадли экинлар экилиб, одамларнинг турмуш даражаси юксалтирилади. 

Маҳаллада амалга оширилаётган улкан ободонлаштириш-бунёдкорлик ишлари ва белгилаб олинган тадбирлар ўз вақтида бажарилишини туман ҳокими Қосим Мардонов бевосита назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА