Андижон вилояти ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида “Очиқ эшиклар куни” тадбири бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало, инсон қадрини улуғлашга, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга қаратилмоқда. Айниқса, ижтимоий ҳимояга, ўзгалар парваришига муҳтож, шунингдек, ёлғиз яшовчи, ногиронлиги бўлган инсонларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган айрим шахсларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатини текшириш далолатномасини расмийлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва янада юқори босқичга кўтаришда муҳим ҳуқуқий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
– Мазкур қарорга асосан, ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни марказга жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатиш бўйича янгича тартиблар белгиланди, – дейди Андижон вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Отабек Исмоилов. – Қарорнинг 3-иловасида кўрсатилган “Тиббий ҳужжат”лар тўпламини тақдим этиш орқали ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари истиқомат қилаётган туман, шаҳарлар “Инсон” ижтимоий марказлари томонидан йўлланма асосида вилоят Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига юборилади ва уларга белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилади.
Бугунги кунга келиб, Андижон вилояти Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида яшаётган кекса отахон ва онахонларга, шунингдек, юқоридаги тоифага кирувчи йўлланма асосида марказ хизматларидан фойдаланаётган нуронийларга белгиланган хизматлар юқори савияда кўрсатиб келинмоқда. Бундан ташқари, марказда “Қисқа ва узоқ муддатли”, “Кундузги қатнов” ҳамда “Мобил хизмат” йўналишлари бўйича пуллик хизматлар ҳам йўлга қўйилган.
“Очиқ эшиклар куни” тадбирида марказга ташриф буюрган нуронийлар, кенг жамоатчилик вакилларига мутахассислар томонидан марказда олиб борилаётган ишлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар учун кўрсатиладиган хизмат турлари, қисқа, узоқ муддатли стационар ва кундузги хизматлар кўрсатиш учун яратилган қулайлик, шарт-шароитлар хусусида кенг ва атрофлича маълумотлар берилди.
[gallery-19285]
Марказда ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар доимий шифокорлар назоратида бўлади. Беморларга тавсия этилган муолажаларни ўз вақтида олиши учун зарур барча шароитлар яратилган.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида йўлга қўйилган янги турдаги хизматлардан кўзланган мақсад, ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, реабилитация хизматлари орқали уларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида яшашига кўмаклашишдан иборат. Қолаверса, қисқа муддатга бўлса ҳам уларнинг руҳияти, кайфиятини кўтаришга, давлатимиз ҳимоясида эканликларини ҳис этиб яшашларига кўмаклашишга қаратилган.
Тадбир давомида иштирокчилар марказдаги хизмат кўрсатиш жараёнларини бевосита кузатди, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек, муассасада истиқомат қилаётган кекса отахон ва онахонлар томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари кўргазмаси билан танишди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари