Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказ фаолияти: амалга оширилган ишлар ва режалар
14:59 / 2026-03-10

Андижон шаҳридаги Бобур номли вилоят ахборот-кутубхона марказида Арман миллий-маданий маркази вилоят бўлимининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Андижон вилояти ҳокимлиги, адлия бошқармаси мутасаддилари, арман миллий-маданий маркази вилоят бўлими фаоллари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Конференцияда бўлимнинг 2021 – 2025 йиллардаги фаолияти юзасидан Арман миллий-маданий маркази вилоят бўлими раҳбари Арсен Саркисовнинг ҳисобот-маърузаси тингланди. 

– Айни кунда вилоятда 300 нафардан зиёд арман миллатига мансуб миллатдошларимиз Ўзбекистон фуқароси сифатида турли жабҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бўлимимиз вилоятдаги ижтимоий-демократик жараёнларда фаол. Хусусан, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, тили, ўзига хос анъана ва қадриятларни сақлаш ва ривожлантириш, марказ аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали натижаларга эга. Жумладан, ҳисобот даврида кўплаб аъзоларимизнинг уй-жой ва ҳуқуқий масалаларга оид мурожаатлари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди, – дейди Арсен Саркисов.

Бўлим томонидан арман миллий анъана ва қадриятларини ривожлантириш ва тарғиб этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бир неча йиллардан буён маънавий янгиланиш рамзи – “Вардавар” миллий байрами ўтказиб келинади. Вилоятида ўтказилаётган “Халқлар дўстлиги куни”, “Дўстлик фестивали”, “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасидаги турли тадбирларда арман миллий санъати, либослари, таомлари кўргазмалари намойиш этилади. 

Бундан ташқари, вилоят телевидениеси билан ҳамкорликда “Инсон қадри” рукни остида арман халқининг миллий анъана, маданий меросини тарғиб этувчи махсус телекўрсатув тайёрланиб келинмоқда. 

Очиқ мулоқот руҳида ўтган конференцияда эришилган ютуқлар билан бир қаторда, фаолиятни янада такомиллаштириш борасидаги долзарб масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

[gallery-28071]

Тадбирда, марказ вилоят бўлимининг моддий-техник базаси ва институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, тўгарак ва ижтимоий-маърифий тадбирлар учун майдонларни кенгайтириш, ёшлар билан ишлашда рақамли технологиялар ва ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш ҳамда вилоят ривожига ҳисса қўшган ва қўшиб келаётган арман миллати вакиллари ҳақидаги архив материалларни тизимлаштириш ҳақида сўз борди. 

Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда миллатлараро тотувликнинг аҳамияти, бу борада бўлимнинг фаолиятини янада кучайтириш алоҳида қайд этилди. Жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 мартдаги “Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида бўлим томонидан келгусида амалга ошириладиган муҳим ишлар белгилаб олинди. 

Ф.Убайдуллаев, 

З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.